Туркия ҳукумати авиарейсларда янги хавфсизлик қоидаларини ишлаб чиқди ва энди самолёт тўхтагунча ва «камарларни тақинг» таблоси ўчирилгунча ўрнидан турган йўловчилар қоидабузар деб ҳисобланади ва маъмурий жарималар билан жазоланади, деб хабар бермоқда Akdeniz Gerçek.

Янги амалиётга кўра, қўнгандан сўнг дарҳол ўрнидан турган, тепадаги юк жавонларини очган ёки салон экипажининг огоҳлантиришларига эътибор бермаган йўловчилар тегишли қонун ҳужжатларига мувофиқ жаримага тортилиши мумкин.

Turkish Airlines томонидан кабина экипажларига юборилган хабарномага кўра, қўнишдан кейинги «хайрлашув эълони»дан сўнг дарҳол махсус огоҳлантириш эълони билан йўловчиларни ушбу қоида ҳақида аниқ хабардор қилиш мажбурий этиб белгиланди. Самолёт экипажидан бу борада сезгирлик кўрсатиш сўралган ҳолда, йўловчиларнинг хавфсиз тарзда самолётдан чиқиб кетиши учун огоҳлантириш ва кузатув жараёнлари диққат билан олиб борилиши кераклиги таъкидланди.

Янги қоидалар аллақачон Turkish Airlines томонидан қўлланишни бошлаган. Соҳа вакилларининг фикрича, бундай амалиёт нафақат интизомий чора, балки йўловчилар хавфсизлиги билан бевосита боғлиқ қадам бўлиб, самолёт ҳаракати пайтида юкхоналардан фойдаланиш аллақачон кўплаб бахтсиз ҳодисаларга олиб келиб улгурган.