Йўлларда болалар хавфсизлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар кенгайтирилганига қарамай, улар ҳали ҳам етарли эмас. Бу масалани ҳар томонлама кўриб чиқиш керак, деди Олий Мажлиснинг Болалар ҳуқуқлари бўйича вакили Сурайё Раҳмонова ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати раҳбари Шерзод Ибрагимов билан учрашувда.
Кўплаб кўчалар бўйлаб тротуар мавжуд эмаслиги масаласи кўтарилиб, бу болалар билан тўқнашув хавфини оширувчи асосий омил сифатида белгиланди. Бу муаммони ҳал этиш учун масъул ташкилотлар билан ҳамкорликни кучайтириш зарур, таъкидланди учрашувда.
Қайд этилишича, кичик болалар билан боғлиқ кўплаб ЙТҲлар турар жой ҳудудларида ота-она назоратисиз қолганда содир бўлади. Мамлакатда яна бир кенг тарқалган муаммо — автомашина бошқариш ёшига етмаган ўсмирларнинг транспорт бошқаруви. Ота-оналар масъулиятини ошириш, тарбиявий ишларни фаоллаштириш зарурлиги қайд этилди.
Томонлар йўлларда болалар хавфсизлигини таъминлаш умумий мақсад эканини тасдиқлади ва бу борадаги ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга келишиб олди.
Эълон қилинган маълумотларга кўра, «Хавфсиз болалик» дастури доирасида бугунги кунга қадар мамлакат бўйлаб мактаблар олдига 425 комплект светофор, 865 та қавариқ пиёдалар ўтиш жойи, 1599 та сунъий нотекислик, 7598 та темир панжара ўрнатилди. 5150 та мактабда йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларини ўргатувчи махсус синфлар ташкил этилган, ўқувчилар учун 42300 дан ортиқ «хавфсиз йўналиш харитаси» ишлаб чиқилган.
2024 йил ноябрь ойида БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) ва болалар омбудсмани офиси Ўзбекистонда болалар ва ўсмирлар вазиятининг таҳлилини тақдим этган ҳамда унда болалар ва ўсмирлар ўртасидаги ЙТҲларда ўлим ва жароҳатлар кўпайгани айтилганди. Батафсил ва долзарб статистик маълумотларнинг йўқлиги асосий муаммо сифатида белгиланган.
Ўтган йилнинг ёзида Сенатда статистик маълумотлар тақдим этилганди, унга кўра, 2024 йилнинг биринчи беш ойида 359 нафар ўқувчи иштирокида ЙТҲ содир бўлган, улардан 65 нафари ҳалок бўлган, 294 нафари тан жароҳати олган. 2023 йилда болалар иштирокида 1794 та ЙТҲ рўй берган, 1568 нафар бола жароҳат олган, 263 нафари ҳалок бўлган. ЙТҲларнинг энг кўп учрайдиган сабаблари сифатида йўл инфратузилмасидаги камчиликлар ва ҳайдовчиларнинг йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилмаслиги келтирилган.