Сурхондарё вилляти Термиз шаҳрида 7 май куни вояга етмаган шахс Cobalt автомобилини ўғирлаб кетди. Бу ҳақда вилоят ички ишлар бошқармаси хабар берди.

Ҳолат бўйича вилоят миқёсида тўсиб ушлаш режаси қўлланди. Машина Жарқўрғон туманида ички ишлар ходимларининг тўхташ ишорасига бўйсунмай, айланма йўллар орқали қочиб, яширинишга уринган. У ҳаракат давомида йўлни ёпиш учун қўйилган дарвозани уриб кетган.

Шу куни соат 23:40 ларда машина тўхтатилган. Ҳайдовчи машинадан тушиб, қоронғу томонга қочиб кетганига қарамай, ходимлар томонидан ушланган. Терговга қадар текширув ҳаракатлари бошланган. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 267-моддаси (Транспорт воситасини олиб қочиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

«Қарзим бор эди, шунинг учун олиб қочдим. Машинани қўйиб, пул олмоқчи эдим. 1xbet’дан 2000 [доллар] қарзим бор эди. Қилган ишимдан пушаймонман», — деди гумонланувчи.

машина олиб қочиш, термиз

ИИБ улашган видеодан Cobalt’нинг олд томони пачоқлангани, ён ойнаси сингани, машинага қон сачраганини кўриш мумкин.

Суриштирувда маълум бўлишича, ҳайдовчи 2008 йилда Денов туманида туғилган, ҳозирда Термиз олимпия ва паралимпия коллежида ўқийди. У Тошкентдан Термизгача шу машинада йўловчи сифатида келган. Ҳайдовчи ва унинг отаси уни автомобилда қолдириб, ўзлари савдо мажмуасига кириб кетганидан фойдаланиб, транспортни олиб қочган.

Видео