Ҳукумат қарори билан ташкиллаштирилган тарзда чет элга ишга юборилган ва борган давлатининг қонунчилик ҳужжатларини бузиши натижасида депортация қилинган фуқароларини қайтариш ва уларни қайтариш билан боғлик харажатларни ундириш тартиби жорий этилади.

Қарорга кўра, чет элда меҳнат фаолиятини амалга ошириш даврида хорижий давлатнинг қонунчилик ҳужжатларини бузиши натижасида депортация қилинган фуқароларга Миграция жамғармаси ҳисобидан қайтарилганда, қайтариш харажатлари фуқародан ундириб олинади.️ Уларга икки йил давомида хорижга чиқиш биометрик паспортини бериш бўйича давлат хизмати кўрсатилмайди.

Шунингдек, Миграция жамғармаси ҳисобидан тақдим этилган субсидия ва компенсация суммалари қайтариб олинади, 1 йилгача муддат давомида ривожланган давлатларга ташкиллаштирилган тарзда ишга юбориш бўйича хизматлар кўрсатилмайди.

Депортация қилинган фуқаролар қуйидагилар асосида қайтарилади:

  • уларнинг Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларига мурожаати;
  • улар ва яқин қариндошларининг Миграция агентлигининг хориждаги ваколатхоналари, ҳудудий филиалларига мурожаати;
  • хорижий давлатлар ваколатли органлари томонидан тақдим этилган депортация қилинган фуқаролар бўйича маълумотлар.

Депортация қилинган фуқаролар уларнинг транспорт харажатларини молиялаштириш орқали қайтарилади. Фуқаронинг молиявий ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги аризаси ижобий кўриб чиқилганидан сўнг 1 иш кунида Миграция агентлиги ва фуқаро ўртасида қарз шартномаси тузилади. Шартномага мувофиқ молиявий ёрдам олган шахс ушбу маблағларнинг ўрнини 30 кун муддатда қоплаши лозим.

2025 йил 1 сентябрдан бошлаб Миграция агентлиги томонидан хорижий давлатнинг қонунчилик ҳужжатларини бузиши натижасида депортация қилинган, шунингдек, Ўзбекистоннинг халқаро нуфузига ва обрў-эътиборига салбий таъсир кўрсатувчи хатти-ҳаракатларни содир этган фуқароларга доир маълумотлар Миграция жараёнларига доир маълумотларнинг ягона электрон базаси орқали юритилади.