• Вт. Июн 17th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Сўнгги қўнғироқ» тадбирида ўқувчиларнинг вальсга тушишини тақиқлаш бўйича топшириқ берилмаган — вазирлик



25 май куни бўлиб ўтадиган «Сўнгги қўнғироқ» тадбирларида мактабларда вальс тушишни тақиқлаш бўйича топшириқ юборилмаган. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ахборот хизмати «Dunyouzbeklari.Com» сўровига юборган жавобида маълум қилди.

Қайд этилишича, 25 май санасига яқин вазирлик томонидан умумий ўрта таълим муассасаларида ўқув йилини якунлаш ва «Сўнгги қўнғироқ» тадбирларини юқори савияда тартибли ўтказиш ҳамда ўқувчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида тегишли тавсиялар ҳамда тадбирларни ўтказиш бўйича намунавий сценарийлар тайёрланиб, таълим ташкилотларига етказилади.

Унга кўра, «Сўнгги қўнғироқ» тадбирларини ота-оналар, собиқ битирувчилар ва кенг жамоатчилик иштирокида ўтказиш, мактабларда ташкил этилган «Турон» мактаб театри ҳамда «Иқтидор» ансамбллари аъзолари томонидан тайёрланган ўқувчиларнинг турли саҳна кўринишлари ва бадиий композицияларни намойиш этиш тавсия қилинади.

«Мазкур тавсияларда вазирлик томонидан мактабларда „Сўнгги қўнғироқ“ тадбирлари давомида ўқувчиларнинг вальсга тушишларини тақиқлаш бўйича алоҳида топшириқ ёки кўрсатма берилмаган», — дейилади вазирлик ахборотида.

Қўшимча қилинишича, айрим ота-оналар томонидан мактаб маъмуриятларига «Сўнгги қўнғироқ» тадбирларида фарзандларининг таълим олишига умуман алоқаси бўлмаган рақс (вальс)га тушишларига қаршиликлар бўлиб, эътирозлар билдирилмоқда.

«Бу қайсидир тор доирадаги гуруҳлар ёки ёшлар томонидан ўйлаб топилган „анъана“ туфайли айрим умумтаълим мактабларида асосий мақсади билим олиш бўлган битирувчи синф ўқувчилари „Сўнгги қўнғироқ“ тадбирларида 2−3 ой олдиндан вальс тушиш учун турли рақс тўгаракларига қатнаб, вальс тушишни ўрганаётганлиги ёки ўша тадбир учун алоҳида қимматбаҳо либослар тиктириш учун буюртмалар берилаётганлиги ўз навбатида кўплаб ота-оналарнинг ҳақли норозилигига сабаб бўлмоқда. Дарҳақиқат, мактаб бу таълим маскани, ўқув йилини якунларига бағишлаб ўтказиладиган тадбир — бу энг аввало маърифат байрами, таълим берган устозларга эҳтиром кўрсатиш байрами ҳисобланади», — дейилади вазирлик баёнотида.

«Мазкур тадбирга битирувчи синф ўқувчиларининг вальс тушишининг ҳеч бир мантиқан боғлиқлиги йўқ. Шунинг учун мактаб раҳбарияти томонидан ота-оналарнинг ҳақли эътирозларини инобатга олган ҳолда «Сўнгги қўнғироқ» тадбирларида таълимга алоқаси бўлмаган ўқувчиларни вальсга тушиш «анъана»ларига йўл қўймаслик бўйича тадбир сценарийларига тегишли тақиқловчи талаблар киритилиши мумкин», — дея қўшимча қилинган ахборотда.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги агар ўқувчилар вальс тушиш масаласида тақиққа учраса, ҳукумат идорасининг ишонч телефони: 71 202 09 09 га қўнғироқ қилишлари мумкинлигини эслатган.

«Сўнгги қўнғироқ»га оид қандай тавсиялар ишлаб чиқилган?

Вазирлик томонидан «Умумий ўрта таълим муассасаларида 2024−2025 ўқув йилини якунлаш ва «Сўнгги қўнғироқ» тадбирларини ўтказиш бўйича тавсиялар» ишлаб чиқилган. Бунда:

  • Умумий ўрта таълим муассасаларида тадбирни 2025 йилнинг 25 май куни эрталаб соат 8:00 дан 9:00 га қадар ташкил этиш;
  • тадбирни тартибли ўтказиш ва ўқувчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида улар сонидан келиб чиққан ҳолда ушбу тадбирга фақатгина 1-,4-, 9-, 11-синф ўқувчилари жалб этиш;
  • тадбирни тартибли ўтишини таъминлаш мақсадида маҳалла фаоллари, ота-оналар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш вакиллари билан ҳамкорликда мактабнинг ҳовлиси, боғида ёки соя-салқин очиқ майдонларида ўтказиш ҳамда мактаб ҳудудига техника воситалари ва бегона шахсларнинг киритилмаслигини таъминлаш;
  • тадбирлар ўтказиладиган жойларни талаб даражасида жиҳозлаш, гигиена ва тозалик талабларига мувофиқ шароитлар яратиш, ёнғин ва техника хавфсизлиги қоидаларига амал қилинган ҳолда ўқувчилар хавфсизлигини таъминлаш;
  • мактаб раҳбарияти томонидан тадбир иштирокчиларини табриклаш жараёнида юртимизда сўнгги йилларда эришилган ютуқлар, амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, «Атроф-муҳитни асраш ва «яшил иқтисодиёт йили»да таълим тизимидаги ислоҳотлар тўғрисида аниқ рақам ва дадиллар келтирилган ҳолда маълумот бериш;
  • тадбирга фахрий ўқувчилар, ота-оналар, касаба уюшмаси, маҳалла ва ҳамкор ташкилотлар, шунингдек, ўрнак бўладиган мактабнинг собиқ битирувчиларини таклиф етган ҳолда улар томонидан битирувчиларга байрам табриги ва тилакларини билдиришларини ташкил этиш;
  • тадбирда йил давомида намунали хулқ ва аъло баҳоларга ўқиб, энг юқори рейтинг кўрсаткичларига эришган иқтидорли битирувчиларни тақдирлаш ва рағбатлантириш;
  • мактаб ҳаётида фаол иштирок этаётган, шунингдек, одоб-ахлоқи, интилувчанлиги билан тенгдошларига ўрнак бўлаётган ўқувчиларнинг ота-оналарига «Энг фаол ота», «Жонкуяр она», «Масъулиятли ота-она», «Аълочи ўқувчи отаси», «Билимли қиз онаси» каби номинациялари бўйича ташаккурномалар бериш тавсиялари берилган.

Нималар тақиқланган?

Вазирлик ахборотида таъкидланишича, «Сўнгги қўнғироқ» тадбирлари муносабати билан қуйидаги тадбирларни ташкил этиш қатъиян тақиқланади:

  • ресторан ва кафелар ҳамда хонадонларда «Битирув оқшомлари» ўтказиш учун ота-оналардан пул йиғиш;
  • битирув тадбирларида ўқувчиларидан қимматбаҳо совғалар учун пул йиғиш, битирув кечаларига атаб қиммат кийимлар олиш, ресторанларда ўтказиш;
  • «Сўнгги қўнғироқ» тадбирларини, босқичли назорат имтиҳонлари ва якуний давлат аттестацияларини ўтказишда, таълим муассасаларини янги ўқув йилига тайёрлаш борасида ўқувчи ва битирувчилар ҳамда уларнинг ота-оналаридан турли хил пул йиғимларига йўл қўймаслик;
  • ўқувчиларнинг гуруҳ-гуруҳ бўлиб хиёбонлар, истироҳат боғлари, чўмилиш ҳавзаларига бориб, турли кўнгилсиз ҳолатларни келтириб чиқаришининг олдини олиш шарт.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *