АҚШ президенти Дональд Трамп Башар Асад режими қулаганидан кейин Суриядан санкцияларни олиб ташлаш ниятида эканини маълум қилди. Шунингдек, у Сурия муваққат президенти Аҳмад ал-Шараа билан учрашди.
«Мен Сурияга буюк бўлиш имконини бериш мақсадида унга нисбатан санкцияларни бекор қилиш ҳақида буйруқ бераман», — деди Трамп 13 май куни Ар-Риёдда бўлиб ўтган инвестиция форумида сўзлаган нутқида. «Уларнинг порлаш вақти келди. Биз уларнинг [санкцияларининг] ҳаммасини олиб ташлаймиз. Омад, Сурия, бизга ўзгача нимадир кўрсат», — дея қўшимча қилди у.
https://twitter.com/RapidResponse47/status/1922327334863946039
Трампнинг сўзларига кўра, у Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған билан Суриядаги вазиятни муҳокама қилганидан кейин шундай қарорга келган.
Сурияни жаҳон молия тизимидан узиб қўйган АҚШ санкцияларининг бекор қилиниши мамлакатда фаолият юритаётган гуманитар ташкилотларнинг янада фаолроқ иштирок этишига, шунингдек, хорижий инвестициялар ва савдони қайта тиклашга имкон беради, деб таъкидлайди Reuters.
Трампнинг ал-Шараа билан учрашуви 14 май куни Ар-Риёдда бўлиб ўтди. Оқ уйдан маълум қилинишича, унда Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси ҳам иштирок этган, Туркия президенти эса телефон орқали қўшилган. Бу АҚШ ва Сурия етакчиларининг сўнгги 25 йилдаги илк учрашувидир, деб ёзади Associated Press.
Оқ уйнинг қайд этишича, Трамп Сурия президентига «ўз мамлакатида тарихий нимадир қилиш учун улкан имконияти борлигини» айтган. У ал-Шараага Исроил билан «Иброҳим келишувлари»ни имзолашни, «хорижий террорчиларга Сурияни тарк этишни буюришни, фаластинлик террорчиларни депортация қилишни, АҚШга ИШИДнинг қайта тикланишига йўл қўймасликда ёрдам беришни, шунингдек, Сурия шимоли-шарқидаги ИШИД жангариларини сақлаш марказлари учун жавобгарликни ўз зиммасига олишни» тавсия қилган.
Сурия президенти Вашингтон ва Дамашқ терроризмга қарши кураш ва кимёвий қуролларни йўқ қилишда умумий манфаатларга эга эканини тасдиқлади. У Сурия Шарқ ва Ғарб ўртасидаги савдода муҳим бўғинга айланишига умид билдирди, шунингдек, Америка компанияларини Сурия нефти ва газига сармоя киритишга чақирди, дейилади Оқ уй хабарида.
- Башар Асад режими 2024 йил декабрь ойи бошида ал-Шараа бошчилигидаги «Ҳайъат Таҳрир аш-Шом» гуруҳининг ҳужуми натижасида ағдарилди. Асад оиласи билан мамлакатдан қочиб, Россиядан бошпана олди. Ал-Шараа 2025 йил январида Суриянинг ўтиш даври президенти деб эълон қилинди.