14 май куни «Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш халқаро жамғармаси иштирокидаги «Ўзбекистоннинг сутчилик соҳасида қўшилган қиймат занжирини ривожлантириш (2-босқич)» лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарори [ПҚ-172-сон] қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар қилди.
Қарорга кўра, «Ўзбекистоннинг сутчилик соҳасида қўшилган қиймат занжирини ривожлантириш (2-босқич)» лойиҳасининг асосий мақсадли кўрсаткичлари этиб қуйидагилар белгиланди, жумладан:
- Жиззах, Қашқадарё, Сирдарё, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларида жами 320 та маҳаллага, сут етиштирувчи 12 мингта аҳоли ва деҳқон хўжалигига хизмат кўрсатувчи 100 та сут йиғиш пунктини ташкил этиш;
- 865 нафар аҳоли ва деҳқон хўжалигига сутни қайта ишловчи корхоналарни ташкил этиш ва модернизация қилишга 250 минг АҚШ долларигача имтиёзли кредитлар ажратишни ташкил этиш;
- сут етиштирувчи ва сотиб олувчиларни бирлаштирадиган Миллий сут маҳсулотлари платформаси дастурий таъминотини ишга тушириш.
Лойиҳани амалга ошириш даври 7 йил (2025−2031 йиллар) этиб белгиланган.