Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ижтимоий тармоқлардаги лайклар ва реакциялар учун жиноий жавобгарликни бекор қилувчи қонунни имзолади. Бу ҳақда давлат раҳбари сайтида хабар берилди.

«Тожикистон Республикасининг «Тожикистон Республикаси Жиноят кодексига қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуни ижтимоий тармоқларда лайк ёки бошқа белгини жойлаштириш учун жиноий жавобгарликни бекор қилади», — дейилади хабарда.

Гап 179−3 (Террорчилик хусусиятига эга жиноятларни содир этишга оммавий чақириқлар) ва 307−1 (Экстремистик фаолиятни амалга оширишга оммавий чақириқлар) моддаларига ўзгартиришлар киритиш ҳақида кетмоқда. 2018 йилдан бери ҳатто лайклар ва репостлар ҳам 10 йилдан 15 йилгача қамоқ жазосига олиб келиши мумкин эди, дея аниқлик киритади Озодлик радиоси.

2024 йил октябрь ойида Раҳмон ҳуқуқ-тартибот идораларини асоссиз жиноий иш қўзғатаётгани учун танқид қилиб, бу амалиётни тўхтатишни талаб қилганди.

«Кейинги пайтларда айрим фуқаролар ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган материаллар ва видеороликларга лайк қўйиб, катта қийинчиликларга дуч келаётганини органлар далил сифатида қабул қилмоқда. Бошқача айтганда, баъзи органлар асоссиз равишда уларга қарши жиноий иш қўзғатмоқда, бу ҳаракатларга чек қўйиш керак», — деганди ўшанда Тожикистон президенти.

2025 йил апрель ойида Тожикистон парламенти ижтимоий тармоқлардаги лайкларни декриминаллаштиришни маъқуллаганди. Қонун лойиҳаси ташаббуси мамлакат Бош прокуратурасидан чиққан, деб ёзади ASIA-Plus.

Тожикистон Жиноий жазоларни ижро этиш бош бошқармаси маълумотларига кўра, бугунги кунда 1500 дан ортиқ киши ижтимоий тармоқларда босган реакциялари, шунингдек, «террористик ва экстремистик мазмундаги шарҳлар ва фикрлар» учун қамоқ жазосини ўтамоқда.