Riviera Cinema кинотеатрида 12 май куни ёпиқ намойишда Ўзбекистон тарихидаги биринчи ҳарбий ва фуқаролик учувчиси Абдусамат Тайметов ҳақидаги 22 дақиқалик ҳужжатли фильм тақдимоти бўлиб ўтди. Uzbekistan Airports ташаббуси билан Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 80 йиллигига бағишлаб «Тайметов. Ғалаба парвози» фильми суратга олинди, деб хабар қилди компания матбуот хизмати.
Абдусамат Тайметов — уруш қаҳрамони, синовчи учувчи, ўзбек авиация мактаби асосчиси ва Тошкент аэропортининг биринчи директори. 1945 йил 9 майда унинг экипажи Германиянинг сўзсиз таслим бўлиши тўғрисидаги актни ва Ғалаба байроғини Москвага топширган.
Фильмда иккинчи жаҳон уруши йилларида асосий жанговар самолётга айланган Тошкентдаги авиация заводида ишлаб чиқарилган биринчи ўзбек самолёти Ли-2 ҳақида ҳам ҳикоя қилинади.
Фильм режиссёри Элдор Йўлдошев, продюсер Саидрасул Имамов, сценарий муаллифи Муяссар Мақсудова, композитор Игор Пинхасов. Фильмда ушбу лойиҳа учун махсус рақамлаштирилган ва қайта тикланган эксклюзив кино ва фотографик материаллардан фойдаланилади.
«Ушбу фильмни яратиш ғояси Тошкент аэропортига оид архив ҳужжатларини ўрганиш жараёнида туғилди. Абдусамат Тайметов унинг биринчи директори, шунингдек, биринчи ўзбек учувчиси — уруш қаҳрамони ва авиация афсонаси эди. Биз ана шундай инсоннинг ҳикоясини абадийлаштириш ва келажак авлодлар учун ушбу фильм шаклида хотира қолдиришни ўзимизнинг бурчимиз деб билдик», — дея изоҳ берди Uzbekistan Airports.
«Ушбу фильмнинг асосий мақсади Ўзбекистоннинг Иккинчи жаҳон урушини тугатишга қўшган улкан ҳиссасини кўрсатишдир. Агар ерда душманга қарши асосий қурол Т-34 танки ва „Катюша“ реактив артиллерияси қурилмаси бўлган бўлса, осмонда асосий стратегик қуроллардан бири Тошкентда ишлаб чиқарилган Ли-2 самолёти бўлган. Ушбу самолётни лойиҳалаштириш ва ишлаб чиқарилишига ватандошларимиз, ўзбек мутахассислари — республика раҳбари Усмон Юсуповдан тортиб самолёт фюзеляжи парчинчиси Муаззам Алиевагача ўз ҳиссаларини қўшишганига факт ва далилларни топдик. Давлат сирларини ошкор этмаслик тўғрисидаги келишув туфайли бу фактлар архивда чанг тўплаб ётган ва шунга мос равишда тан олинмай қолган», — деб таъкидлади фильм режиссёри Элдор Йўлдошев.
Фильмнинг навбатдаги намойиши «Маданиятлар мулоқоти» халқаро медиафоруми доирасида 2025 йил 19 май куни Москванинг «Художественний» кинотеатрида бўлиб ўтади.