Янги Тошкент қурилиши доирасида биринчи босқичда ҳудуднинг 30 фоизи боғлар ва хиёбонлар учун ажратилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган брифингда «Янги Тошкент» дирекцияси матбуот хизмати раҳбари Шахноза Нурматова маълум қилди.
Дирекция вакили, шунингдек, Янги Тошкентда инсон манфаатларига йўналтирилган шаҳарсозлик концепцияси амалга оширилишини таъкидлади. Бундай ёндашув аҳоли учун қулай ва хавфсиз яшаш муҳитини яратишга қаратилган, деди у.
Шаҳар аҳолиси барча керакли хизматларга пиёда ёки велосипедда 15 дақиқада етиб бориши мумкин бўлади. Шахсий автомобилларга қарамликни камайтириш учун жамоат транспорти, пиёдалар зоналари ва велосипед йўлларини ривожлантириш режалаштирилган.
«Турли транспорт турлари ўртасидаги боғлиқлик аҳолининг ҳаракатланиш эркинлигини таъминлайди», — деди Шаҳноза Нурматова.
Биноларда иссиқ ёз кунларида уларни салқин сақлашга ёрдам берадиган «яшил том» технологиясидан фойдаланилади. Ушбу ечим шаҳарнинг иқлимга чидамлилигини оширади ва энергия тежашни таъминлайди, дея таъкидлади дирекция.
Янги Тошкентда эътироф этилган халқаро яшил қурилиш стандартлари қўлланиши кутилмоқда.
Шу билан бирга, халқаро экологик стандартлар бўйича сертификатлаш режалаштирилган:
- LEED (Leadership in Energy and Environmental Design) — АҚШда ишлаб чиқилган яшил қурилиш стандарти ва биноларнинг экологик тозалигини баҳолаш тизими. Ички ҳаво сифатидан тортиб ресурсларни тежашгача бўлган мезонлар ўрганилади.
- BREEAM (Building Research Establishment Environmental Assessment Method) — қурилиш сифатини баҳолаш учун Британия тизими. Бинони қуришда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш меъёрлари қай даражада эътиборга олиниши, яшаш ёки ишлаш қанчалик қулайлиги ва у қанчалик яхши бошқарилишини баҳолайди.
- EDGE (Excellence in Design for Greater Efficiencies) — яшил қурилиш стандарти ва унинг халқаро сертификатлаш тизими. Жаҳон банки гуруҳига кирувчи Халқаро молия корпорацияси (IFC) томонидан яратилган EDGE энергия ва сувни камроқ ишлатиш учун лойиҳаларни оптималлаштиришга ёрдам беради.
Дирекция маълумотларига кўра, шаҳарни энергия билан таъминлаш деярли бутунлай қайта тикланадиган энергия манбаларига асосланади. Биринчи босқичда ғўза поясидан олинадиган биоёқилғидан фойдаланган ҳолда тригенерация заводи ишга туширилади. Ушбу иншоот 50 МВт иссиқлик энергияси ва 27 МВт электр энергиясини беради.
Қуёш ва гидроэлектр станциялари шаҳарни 1 ГВт дан ортиқ яшил энергия билан таъминлаши кутилмоқда. Узлуксиз электр таъминотини таъминлаш учун энергия сақлаш тизимлари ўрнатилади.
Бундан ташқари, дирекция Янги Тошкентдаги бинолар энергия ва сув сарфи бўйича анъанавий бинолардан 20−30 фоизга самаралироқ бўлишини режалаштирган. Энергия тежамкор ечимлар сувни тежовчи технологиялар туфайли ҳар йили 900 миллион кВт/соат электр энергияси ва 4 миллион куб метр сувни тежаш имконини беради.
Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги Янги Тошкент шаҳри қурилиши дирекциясининг шаҳарсозлик ҳужжатларини тайёрлаш бўлими бошлиғи Саидазим Шарипов аввалроқ «Dunyouzbeklari.Com»га лойиҳада газлаштириш кўзда тутилмаганини маълум қилганди.
Янги Тошкент Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ ва Юқори Чирчиқ туманлари ҳудудида жойлашади. Шаҳар бир миллион аҳолига мўлжалланган. 2024 йил ноябрь ойида Шавкат Мирзиёев давлат ижроия органларини Янги Тошкентга кўчириш режасини маълум қилган эди.