Давлат хавфсизлик хизмати ўз ваколатига кирувчи масалалар бўйича жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини тезкор қабул қилиш учун колл-марказ ишга туширди, деб хабар қилди ташкилот матбуот хизмати.

Колл-марказга 1520 қисқа рақами орқали қўнғироқ қилиш мумкин.

Колл-марказ қуйидаги масалалар бўйича қўнғироқларни қабул қилади:

  • Ўзбекистоннинг конституциявий тузуми, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига тажовуз;
  • давлат чегарасининг қўриқланиши ва ҳимоя қилинишига таҳдидлар;
  • Қуролли кучлар ва ҳарбий-саноат комплексида давлат хавфсизлигига таҳдидлар;
  • терроризм, экстремизм ва уюшган жиноятчиликка оид фактлар;
  • қурол, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ жиноятлар;
  • давлат манфаатларига таҳдид солувчи коррупция ва иқтисодий жиноятлар;
  • миллатлараро, этник ва диний адоватни ташвиқот қилиш;
  • давлат манфаатлари ва хавфсизлигига таҳдид соладиган ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги бошқа маълумотлар.

Шунингдек, Жиноят кодексининг моддаларида назарда тутилган жиноят ишлари бўйича аризалар қабул қилинади:

  • 150−163-моддалар (Тинчлик ва инсоният хавфсизлигига қарши жиноятлар, шу жумладан, урушни тарғиб қилиш, ёлланиш, хорижий давлатларнинг ҳарбий хизматига жалб этилиш, шунингдек, Ўзбекистон Республикасига қарши жиноятлар);
  • 182 (Божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш);
  • 223-модда (Хорижга ноқонуний чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига ноқонуний кириш);
  • 246 (Маъмурий назорат қоидаларини бузиш).

Шу билан бирга, ташкилот ёлғон, туҳмат ёки ҳақоратомуз хабар берганлик учун жавобгарлик мавжудлигини эслатди.

ДХХ фуқароларни қонун бузилиши ҳолатларига бефарқ қолмасликка чақирди. «Мурожаат қилган фуқароларнинг шахси сир сақланиши кафолатланади», — дейилади хабарда.

«Ватанимиз тинчлиги ва осойишталигини сақлашда ҳар бир фуқаронинг иштироки муҳим ҳисобланади», — таъкидлади хизмат.