Самарқанд вилояти Жомбой туманида фермер хўжалиги табиатга 137 млрд сўмдан ортиқ зарар етказгани аниқланди, дея хабар бермоқда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги.

Қайд этилишича, туманнинг «М.Т.» фермер хўжалиги вакиллари Оқдарё дарёосидан ноқонуний равишда экскаватор ва юк машиналари воситасида қум-шағал аралашмаси қазиб олган. Оқибатда табиатга 137 миллиард 472 миллион 370 минг 649 сўм зарар етказилган.

Ҳолат юзасидан экскаватор ва иккита юк ташувчи транспорт воситаси жарима майдонига жойлаштирилган. Тўпланган ҳужжатлар ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ва чора кўриш мақсадида Бош прокуратурага юборилган.