2025 йилнинг апрель ойи иқлимий қийматларга нисбатан илиқроқ бўлди, дея хабар бермоқда Ўзгидромет.
Ойнинг биринчи ярмида ўртача ҳарорат меъёрдан ўртача 4−7 даражага юқори бўлди. Максимал ҳаво ҳарорати асосан +23…+28 даража атрофида, энг илиқ кунларда эса +30…+32 даража, шимолда, жанубда ва чўл ҳудудларда +34…+36 даража бўлиши кузатилди.
18−20 апрель кунлари ҳаво ҳарорати меъёрдан 3−8 даражага кескин пасайди. Ҳавонинг салқин бўлиши узоқ вақт давом этмади ва учинчи ўн кунлик бошидан ҳарорат яна кўтарила бошлади.
Энг илиқ даврда (шимолда 26−27 апрель кунлари, республиканинг қолган қисмида 27−28 апрель кунлари) кундуз кунлари ҳаво +35…+37 даражагача, жанубда ва чўл ҳудудларда +38…+39 даражагача исиди.
Ўзбекистоннинг кўпчилик ҳудудларида метеорологик кузатувларнинг барча йиллари учун апрель ойларида максимал ҳарорат рекорди ёки рекорд қийматларига яқин бўлди.
Жадвал: Ўзгидромет.
2025 йилда янгиланган апрель ойи учун максимал ҳаво ҳароратининг янги рекордлари қизил ранг билан белгиланган. Ҳудуднинг катта қисми, Фарғона водийсидан ташқари, 2025 йил апрели энг илиқ апрель ойлари учлигига кирди.
Ўртача ойлик ҳаво ҳарорати меъёрдан 3−5 даражага, Фарғона водийси ҳудудларида 1,5−2,5 даражага юқори бўлди. Шундай қилиб, 2025 йил апрель ойи сўнгги йиллардаги илиқ апрель ойлари қаторини давом эттирди.
Ой жуда қуруқ бўлди. Биринчи ва иккинчи ўн кунликларнинг айрим кунларида (ўн кунликда 2−3 кундан, тоғларда 4−5 кундан) ёмғир ёғиши кузатилди. Ёмғир асосан бироз ва ўртача жадалликда ёғди.
Асосан айрим тоғ олди ва тоғли ҳудудларда 2−3 кун давомида бир кеча-кундузда миқдори 15 мм дан 27 мм гача, Тошкент вилоятининг тоғли ҳудудларида (Майдонтол) 45 мм гача бўлган кучли ёмғир ёғиши кузатилди.
Апрель ойининг учинчи ўн кунлигида республика ҳудудининг катта қисмида ёғингарчиликсиз об-ҳаво кузатилди.
Республиканинг кўпчилик ҳудудларида апрель ойида ёғингарчилик миқдори меъёрга нисбатан кам бўлди. Фақат Фарғона водийси вилоятларида ва Хоразм, Навоий вилоятларининг айрим жойларида бир ойда ёғингарчилик меъёр атрофида, баъзи жойларда эса меъёрдан кўп бўлиши қайд этилди.