Президент Шавкат Мирзиёев бундан буён хусусий олийгоҳлардаги педагогик йўналишлар давлат институтлари билан бир хил бўлишини маълум қилди. Бу ҳақда у 15 май куни бўлиб ўтган мактаб таълими юзасидан видеоселектор йиғилишида гапирди, дея хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов.

Йиғилишда Шавкат Мирзиёев сўнгги йилларда мамлакатда хусусий олийгоҳлар фаолиятига кенг йўл очиб берилганини, лекин уларда педагогика йўналиши бўйича ўқиётган талабаларнинг 70 фоизи мактабгача таълим, бошланғич таълим ва филология бўйича тайёрланаётганини таъкидлади.

«Аниқ ва табиий фанлар бўйича педагогларни кўпайтирмасак, IT, „яшил“ энергетика, „сунъий интеллект“, „янги материаллар“ каби долзарб соҳаларга минглаб кадрларни қаердан етказамиз?» — деди у.

Шавкат Мирзиёев, шунингдек, энди хусусий олийгоҳлардаги педагогик йўналишлар педагоглари ва талабалари билими ташқи диагностикадан ўтказилишини маълум қилди. Шу тариқа нодавлат олийгоҳларда педагог тайёрлаш сифати назоратга олиниши таъкидланди.