Шавкат Мирзиёев 15 май куни Туркия Республикаси вице-президенти Жавдат Йилмаз бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Учрашув аввалида меҳмон давлат раҳбарига Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоғаннинг саломини етказди.
Томонлар Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини, энг аввало, савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳаларда янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалаларини кўриб чиқди.
Турли даражаларда фаол мулоқот ва алмашинувлар давом этаётгани қайд этилди. Хусусан, ўзаро савдо ва инвестициялар ҳажми, қўшма корхоналар сони, авиақатновлар кўпаймоқда.
15 май куни Тошкент шаҳрида ўтган ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши, бизнес мулоқоти ва кўргазманинг самарали натижалари юқори баҳоланди.
Товар айирбошлашни, шу жумладан, Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим доирасида товарлар номенклатурасини кенгайтириш орқали кўпайтириш бўйича ўзаро мувофиқлашган чоралар кўриш муҳим экани таъкидланди.
Инновациялар, энергетика, саноат, фармацевтика, тўқимачилик, туризм, таълим ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳаларни илгари суриш, кооперация лойиҳаларининг янги портфели ва маданий-гуманитар алмашинув дастурини шакллантириш зарурлиги қайд этилди.
Олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги йиғилиши кун тартибини тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилди.