Жорий йилнинг январь-апрель ойларида давлат буюртмачилари томонидан 21 миллиард сўмлик 18 та давлат харидида қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланди, деб хабар берди Коррупцияга қарши курашиш агентлиги.

Жумладан, қуйидаги ташкилотлар «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонун талабларига зид равишда хариддарда ўзаро аффилланган шахслар иштирок этишига имкон яратган:

  • ️Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги Тошкент вилоятида бизнес марказларини қуриш дирекцияси — 2,2 млрд сўмлик харидда;
  • «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» АЖ — 313 млн сўмлик;
  • ️Бешариқ тумани тиббиёт бирлашмаси — 300 млн сўмлик;
  • ️Деҳқонобод тумани ҳокимлиги — 189 млн сўмлик;
  • ️Eлликқалъа тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими — 95 млн сўмлик;
  • ️Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Рақамли ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази — 56 млн сўмлик.

Шунингдек, ушбу давлат харидларидаги баҳолаш жараёнида қонун бузилиши ҳолатлари аниқланди:

  • ️»Деҳқонобод калий заводи» АЖнинг — 10,8 млрд сўмлик;
  • ️Нурафшон шаҳар тиббиёт бирлашмасининг — 1,9 млрд сўмлик;
  • ️Ғузор тумани ободонлаштириш бошқармасининг — 1,9 млрд сўмлик;
  • ️Деҳқонобод тумани ободонлаштириш бошқармасининг — 1,1 млрд сўмлик;
  • ️Табиий ва аниқ фанларга ихтисослаштирилган С.Ҳ.Сирожиддинов номли академик лицейнинг — 573 млн сўмлик;
  • ️Термиз Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказининг — 572 млн сўмлик;
  • ️Аму-Сурхон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги Насос станциялари ва энергетика бошқармасининг — 520 млн сўмлик;
  • ️Сирдарё вилояти ҳудудий қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекциясининг — 83 млн сўмлик;
  • ️Янгиобод тумани тиббиёт бирлашмасининг — 45 млн сўмлик;
  • ️Мўйноқ тумани ҳокимлигининг — 40 млн сўмлик.

Мазкур ҳолатлар юзасидан агентликнинг тақдимномалари билан харид комиссиясининг ғолибни аниқлаш ҳақидаги баённомалари бекор қилиниб, ноқонуний давлат харидларининг олди олинди.

Ўрганиш ва таҳлиллар жараёнида тўпланган ҳужжатлар эса қонуний чора кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.