Москвадаги Внуково аэропортида ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилишда айбланиб қидирувда бўлган Ўзбекистон фуқароси Интерпол орқали ушланиб, ватанига экстрадиция қилинди, деб хабар берди Россия ИИВ матбуот хизмати 15 май куни.
Хабар қилинишича, компанияни бошқарган шахс пахта етиштириш учун олинган 9 миллион долларга яқин банк кредитини қайтармаган.
У қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотишдан қарийб 20 миллион доллар фойда олиб, қарз маблағларини қайтариш бўйича мажбуриятларини бажармай, хорижга қочиб кетган, дейилади хабарда.
Ўзбекистон Интерпол миллий бюросидан айбланувчининг Россияга келиши эҳтимоли ҳақида маълумот олингач, самолёт қўнгандан сўнг у дарҳол Внуково аэропортида қўлга олинган. У ўша куниёқ Ўзбекистонга жўнатилган ва аэропортда ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ушланган.