• Вс. Июн 15th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Қурилиш маданияти, сифат ва таннарх — энг долзарб масала» — президент


Президент Шавкат Мирзиёев 19 май куни қурилиш материаллари саноатидаги ишлар ва асосий вазифаларга оид тақдимот билан танишди, дея хабар бермоқда давлат раҳбари матбуот хизмати.

Қайд этилишича, ҳозирги кунда қурилиш соҳасида 10 мингга яқин корхона фаолият юритмоқда. 2025 йил биринчи чоракда ишлаб чиқариш 8 фоизга, экспорт эса 11 фоизга ўсди. Инвестиция дастури доирасида 500 млн долларлик 9 та йирик лойиҳа ишга тушди. Душанбе, Кобул ва Филадельфия шаҳарларида «Ўзбекистон савдо уйи» ташкил этилди.

Йил якунигача 2,4 млрд долларлик 312 та лойиҳани бажариб, 16 минг юқори даромадли иш ўрни яратиш, ишлаб чиқариш миқдорини 53 трлн сўмга, экспортни 1,2 млрд долларга етказиш мўлжалланган.

Тақдимотда мутасаддилар ушбу кўрсаткичларга эришиш чора-тадбирлари юзасидан ахборот берди.

Давлат раҳбари соҳада сифат, таннарх ва қурилиш маданияти энг долзарб масала эканини таъкидлади. У замонавий технологияларни жорий этиб, маҳаллий маҳсулотларнинг рақобатбардошлигини ошириш, бунёдкорлик ишларида улардан кенгроқ фойдаланиш вазифаларини кўрсатиб ўтди.

«Бунга эришишда илм-фан ва амалий ишланмалар муҳим. Шу мақсадда соҳа бўйича R&D тадқиқотлар маркази очилди, Германиядан маслаҳатчи жалб қилинди», — дейилади хабарда.

Мисол учун, ариқ ва канал юзалари учун ўрамли бетон қопламаси тайёрлаш технологияси бўйича иш бошланган. Натижада бетонлашга кетадиган вақт ва харажат 10 фоизга, сув сарфи 3−5 фоизга камайиши ҳисоб-китоб қилинган.

Президент геология ва илмга катта эътибор қаратиб, ички ва ташқи бозорлар учун юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар етказиб бериш зарурлигини таъкидлади. У энергия ва ресурс сарфи юқори йўналишларни таҳлил қилиб, тежамкор инновацион ечимларни қўллаш муҳимлигини қайд этди.

Ўтган йили тармоқдаги йирик корхоналар энергия аудитидан ўтказилганда 300 млн киловатт соат иқтисод қилиш имконияти аниқланган. Бундай корхоналарда технологияни янгилаш ҳамда иш тартибини оқилона ташкил этиш орқали харажатларни камайтириш мумкинлиги айтилди.

«Шаффоф қурилиш» платформасида қурилиш материаллари корхоналари реестрини ташкил қилиб, у орқали сифат назоратини таъминлаш вазифаси қўйилди.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *