Буюк Британия ва Европа Иттифоқи 19 май куни озиқ-овқат, балиқчиликдан фойдаланиш, мудофаа ва хавфсизлик бўйича янги келишувларга эришди. Бу ҳақда Британия ҳукумати сайтида хабар берилди. Бу 2020 йилда Brexit’дан кейинги Британия ва ЕИ ўртасидаги энг муҳим келишув ҳисобланади.
Келишув бўйича музокаралар сўнгги олти ойдан бери давом этмоқда. «Бу бизнинг иш жойларимиз учун, [коммунал тўловлар] ҳисоблар ҳажми учун ва чегараларимиз учун яхши бўлади», — деди Британия бош вазири Кир Стармер келишувни шарҳлар экан.
Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен Британия билан келишувни «тарихий лаҳза» деб атади. «Бугун биз саҳифани ўгирамиз ва ўзига хос муносабатларимизда янги бўлим очамиз. Бу муваффақият», — деди у.
Стармер канцеляриясининг таъкидлашича, ЕИ билан келишув Британия экспортчилари ва импортчилари учун бюрократик тўсиқларни камайтиришга ёрдам беради. ЕИ, хусусан, чегарада санитария ва фитосанитария назоратини бекор қилишга рози бўлди, бу эса товарларнинг, жумладан, Буюк Британия ва Шимолий Ирландия ўртасида яна эркин ҳаракатланишига имкон беради.
Битим шунингдек, Буюк Британия ва ЕИнинг углерод савдоси тизимларини бирлаштириш ва Британия пўлат экспортини ЕИнинг янги қоидалари ва тарифларидан озод қилишни англатади.
Бундан ташқари, британиялик сайёҳлар ЕИнинг қатор мамлакатлари чегарасидан электрон дарвозалар (eGates) орқали ўтиши мумкин бўлади. Уй ҳайвонлари билан саёҳат қилиш ҳам осонлашади — уй ҳайвонларига паспортлар берилади, бу эса ҳар сафардан олдин ветеринардан маълумотнома олиш заруратини бартараф этади.
Буюк Британия ва ЕИ мудофаа ва хавфсизлик соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида ҳам янги пакт бўйича келишувга эришди. Бу, бош вазир канцеляриясининг таъкидлашича, «Буюк Британия мудофаа саноати учун Европа Иттифоқининг кутилаётган янги 150 миллиард фунт стерлинглик Security Action for Europe (SAFE) мудофаа фондида иштирок этишга йўл очади». «Бу глобал ноаниқлик ва беқарорлик кучайиб бораётган бир пайтда Европа хавфсизлиги ва хавфсизлигини таъминлаш учун Буюк Британия ва ЕИ мудофаа ҳамкорлигини расмийлаштиради», — дейилади баёнотда.
Стармер канцеляриясининг тасдиқлашича, Лондон ва Брюссель Британия сувларида ЕИ кемалари томонидан тутилган балиқлар ҳажмини оширмаган ҳолда европалик балиқчиларнинг Британия ҳудудий сувларига кириш ҳуқуқини 12 йилга узайтирган.
«Ушбу келишув [Буюк Британия] ҳукумати манифестида белгиланган қизил чизиқларга мос келади — ягона бозорга қайтмаслик, божхона иттифоқига қайтмаслик ва эркин ҳаракатланишга қайтмаслик», — дея таъкидлади Британия бош вазирининг идораси.
ЕИ битими доирасидаги ҳар бир келишув тафсилотлари кейинги музокараларда ишлаб чиқилади.