Тошкент шаҳри Юнусобод туманида 19 май куни фуқаро ички ишлар ходимига ҳужум қилиб, унга жароҳат етказди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Соат тахминан 18:30 ларда «Юнусобод» деҳқон бозори ҳудудида хизмат олиб бораётган пост-патруль хизмати инспектори сафдор И.Ибрагимов ерости тушиш йўли олдидан ўтиб кетаётганда хатти-ҳаракатлари билан шубҳа уйғотган фуқарони тўхтатиб текширмоқчи бўлган.

Жараён вақтида эркак ёнида бўлган пичоқ билан тўсатдан ходимга ҳужум қилиб, бўйин қисмига жароҳат етказган.

Ходим тезкорлик билан касалхонага ётқизилиб, ҳаёти сақлаб қолинган. Гумондор шахс — 1963 йилда Жиззах вилоятида туғилган, Жиззах вилояти Пахтакор туманида яшовчи А.Х. ушланган. Маълум бўлишича, у 2005 йилдан бери руҳий касалликлар диспансерида рўйхатда туради.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25−97 моддаси (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.