• Вс. Июн 15th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Рақамли дунё барчага қулай бўлиши керак – Ўзбекистон янгиликлари – Dunyouzbeklari.Com

Рақамли дунё барчага қулай бўлиши керак – Ўзбекистон янгиликлари – Dunyouzbeklari.Com


Жамиятимизда қулайлик ҳақида гап кетганда, кўпинча пандуслар — ногиронлиги бўлган шахслар ва ҳаракатланишда қийналадиган фуқаролар учун мўлжалланган жисмоний инфратузилма ёдга олинади. Бироқ қулайлик фақат жисмоний эмас, балки рақамли маконда ҳам бўлиши керак. Бу дегани, онлайн хизматлар турли хил ногиронлик шаклларига эга инсонлар, шунингдек замонавий технологияларни қўллашда қўшимча ёрдамга муҳтож бўлганлар учун ҳам қулай ва тушунарли бўлиши лозим.

Ўзбекистон рақамли давлат яратиш йўлида дадил қадам ташламоқда — бу муҳим ва зарур босқичдир. Бироқ замонавий интерфейслар ва фунционаллик ортида ушбу технологиялар ҳануз етарлича қулай бўлмаган инсонлар эътибордан четда қолмоқда. Гап бу ерда фақат қулайликда эмас, балки асосий ҳуқуқлар — ахборот олиш, мулоқот қилиш, давлат, тижорат ва бошқа турдаги хизматлардан фойдаланиш ҳуқуқларини таъминлаш ҳақида бормоқда.

Ҳар йили май ойининг учинчи пайшанбаси, бу йил 15 май Бутунжаҳон рақамли шароитлар ҳақида хабардорлик куни (Global Accessibility Awareness Day, GAAD) сифатида нишонланади. Ушбу глобал ташаббус бизга эслатадики, сайтлар, дастурий таъминотлар, мобиль иловалар ва бошқа замонавий технологиялар барча, шу жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар ва бошқа махсус эҳтиёжларга эга инсонлар учун ҳам қулай бўлиши учун рақамли шароитлар яратилиши керак.

Иллюстрация: digivante.comИллюстрация: digivante.com

Бу кун ҳар биримиз ўзимизга савол бериш учун яхши имконият: биз фахрланадиган рақамли хизматлар ҳақиқатан ҳам барчага қулайми? Умуман олганда, «рақамли шароитлар» деганда нимани тушунамиз? Онлайн маконда фойдаланувчилар дуч келадиган тўсиқларни қандай аниқлаш мумкин? Технологиялар ҳақиқий маънода инклюзив бўлиши учун фақат гапда эмас, балки амалда нимадан бошлаш керак? Рақамли фойдаланиш имконияти нима ва у кимга керак?

Рақамли шароитлар нима ва бу кимлар учун зарур?

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотларига кўра, дунёдаги ҳар олтинчи одам ногиронлиги бўлган шахсдир. Ўзбекистонда эса 2025 йилнинг биринчи чораги якунида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги маълумотларига кўра, расман 1 031 609 нафар ногиронлиги бўлган шахс қайд этилган бўлиб, бу мамлакат аҳолисининг 2,7 фоизини ташкил қилади. Ушбу кўрсаткич кундан кунга ортиб бормоқда, ва реал сонлар маъмурий статистикадаги рақамлардан ҳам юқори бўлиши мумкин.

Кўплаб инсонлар учун рақамли тўсиқ — бу пандуссиз зинапоя сингари ҳақиқий тўсиқ. Рақамли муҳитдаги қийинчиликлар фақат ногиронлиги бўлган шахслар учун эмас, балки ёши катта фуқаролар учун ҳам мавжуд: 2024 йил маълумотларига кўра, Ўзбекистонда 60 ёшдан катта 3 467,8 минг киши яшайди, бу умумий аҳолининг 9,4 фоизини ташкил қилади. Бундан ташқари, жароҳат туфайли вақтинча ҳаракатланишда чекловга эга бўлганлар ёки интернет сифати паст бўлган олис ҳудудларда яшовчи фуқаролар ҳам онлайн хизматлардан фойдаланишда муаммоларга дуч келишади.

Рақамли қулайлик — бу сайтлар, иловалар ва онлайн хизматларни шундай лойиҳалаш тамойилидирки, улардан барча одамлар, жумладан, қуйидаги тоифадагилар фойдаланиши мумкин бўлиши керак: кўзи ожиз ва заиф кўрувчилар, кар ва эшитишида нуқсонлари бўлганлар, таянч-ҳаракат тизимида нуқсони бўлган шахслар; ёши катта фойдаланувчилар; когнитив хусусиятларга эга инсонлар (масалан, дислекция, аутизм ёки бошқа ривожланишдаги ўзига хосликлар билан).

Агар бирор киши фақат шунинг учун сайтдан тўлиқ фойдалана олмаса, у яхши кўрмайди, аудио эшитолмайди, сичқончани бошқара олмайди ёки ортиқча юкланган интерфейсни тушунмайди. Демак, рақамли шароитлар яратилмаган ҳисобланади. Афсуски, бу ҳар куни ўн минглаб одамлар учун одатий ҳолатдир. Кўпчилик учун бу тўсиқлар аҳамиятсиздек туюлиши мумкин, бироқ айримлар учун бу оддий шахсий кабинетга кириш ёки ариза топширишни имконсиз вазифага айлантиради. Гап эса давлат хизматлари, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя, таълим, иш билан таъминлаш — яъни кундалик ҳаётга кириш имконияти ҳақида бормоқда.

Рақамли тўсиқлар

Ҳатто глобал даражада ҳам рақамли қулайлик ҳалигача долзарб муаммо бўлиб қолмоқда. WebAIM Million 2025 тадқиқотига кўра, унда 1 миллион сайтнинг бош саҳифаси таҳлил қилинган, уларнинг 96,3 фоизи ҳанузгача жиддий қулайлик хатоларини ўз ичига олади. Шунга қарамай, ижобий силжишлар ҳам мавжуд — 2024 йилга нисбатан хатолар сони 10 фоизга камайган. Энг кўп учрайдиган муаммолар эса ўзгаришсиз қолмоқда: матн ва фон орасидаги контрастнинг етарли эмаслиги, тасвирларда алт-матннинг йўқлиги, имзосиз тугмалар, ва экранли дикторлар (скринридерлар) учун очилмайдиган ҳаволалар. Бу кичикдек туюлган хатоликлар миллионлаб инсонлар учун жиддий тўсиқларга айланади.

Масалан, кўзи ожиз фойдаланувчилар сайтдаги маълумотни кўз билан эмас, экранли диктор (скринридер) ёрдамида қабул қилишади — бу дастурлар экранда кўрсатилган маълумотни овозли тарзда ўқиб беради. Машҳур скринридерларга қуйидагилар киради: JAWS (Job Access With Speech), NVDA (NonVisual Desktop Access), macOS, iOS учун VoiceOver (Apple қурилмаларида мавжуд) ва TalkBack (Андроид қурилмаларга ўрнатилган). Бу дастурлар кўплаб смартфонларда умумий ишлатилади. Бироқ скринридер контентни тўғри ўқий олиши учун веб-саҳифада барча элементлар тўғри белгиланган бўлиши шарт.

Шунинг учун сайтнинг барча муҳим тасвирлари алтернатив матнли тавсифга (alt-text) эга бўлиши керак — бу қисқа матнли изоҳлар скринридерлар томонидан овозли ўқиб берилади. Шунингдек, сарлавҳалар тузилмасининг тўғрилигию тугмалар учун мос ёзувлар ҳам рақамли қулайликнинг муҳим жиҳатларидан ҳисобланади. Масалан, агар тугмада принтер расми бўлса, ва alt=»» деб белгиланса, кўзи ожиз инсон бу тугманинг вазифасини тушунади. Аммо бу тавсифлар бўлмаса, фойдаланувчилар сайтдан тўлиқ фойдаланиш имкониятини йўқотади, муҳим ахборот уларга етиб бормайди.

Рақамли қулайликнинг яна бир муҳим жиҳати — сичқончасиз, фақат клавиатура орқали сайтдан тўлиқ фойдаланиш имконияти. Бу имконият моторик чекловлари бўлган фойдаланувчилар ҳамда скринридер ишлатадиганлар учун жуда зарур.

Аммо айнан шу ерда кўринмас, аммо жиддий муаммолар пайдо бўлади. Масалан, ишлаб чиқувчилар интерактив элементлар учун нотўғри семантикадан фойдаланишади. Ташқи кўринишида бу тугма бўлиб кўринади: дизайни бор, босилганда амал бажаради. Аммо кодда бу оддий DIV ёки А тег бўлиб ёзилган, керакли атрибут ва ролларсиз.

Натижада бу элементлар на скринридер, на клавиатура томонидан тан олинмайди, яъни фойдаланувчиларнинг муҳим қисми учун мавжуд эмас бўлиб қолади. Айниқса, кўзи ожизлар учун бу жуда оғир — скринридер бу элементни умуман эътиборга олмайди, ва фойдаланувчи сайтнинг муҳим функцияларини «кўрмасдан» ўтиб кетади.

Ўзбекистонда рақамли тенглик сари илк қадамлар

Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) мамлакатда рақамли қулайлик йўналишида пионер бўлмоқда. Ўтган йилнинг май ойидан бошлаб портал бошқа давлат идораларига ажойиб намуна кўрсатди — у кўриш бўйича ногиронлиги бўлган рақамли шароитларни яратиш бўйича мутахассис Абдулазиз Салимовни ишга олди. Шу орқали давлат идораси ногиронлиги бўлган шахсга муносиб иш ўрни яратди ва айни пайтда ўз онлайн-платформасининг рақамли қулайлигини таъминлашга киришди. Ҳозирда my.gov.uz портали жамоаси WCAG (Web Content Accessibility Guidelines) стандартларини босқичма-босқич жорий қилмоқда. У 60 дан ортиқ давлатда қабул қилинган ва рақамли шароитларни яратиш бўйича олтин стандарт ҳисобланган халқаро тавсиялар тўпламидир.

«my.gov.uz порталида рақамли шароитлар мавжудлиги бўйича тўлиқ аудит ўтказилди, хатоликлар аниқланиб, бартараф этилди. Биз экранли дикторлар учун навигацияни мослаштирдик, контрастликни оширдик, интерфейсни клавиатура ёрдамида бошқариш имкониятини яратдик ва турли хил ногиронлиги бор фойдаланувчилар билан ҳамкорликда синовларни давом эттиряпмиз. Шунингдек, my.gov.uz мобил иловасини турли ногиронлик шаклларига эга фойдаланувчилар учун мослаштириш устида иш олиб боряпмиз,» — дейди Абдулазиз Салимов, Ягона портал ривожлантириш бўлими мутахассиси.

Бундан ташқари, my.gov.uz порталига Muxlisa AI виртуал ёрдамчиси — чат-бот ҳам жорий этилган бўлиб, у экраннинг пастки ўнг бурчагида жойлашган. Дастлаб бу интерфейс асосан визуал мулоқотга (сичқонча, сенсорли экран) йўналтирилган эди, аммо кейинчалик махсус скриптлар жорий қилиниб, у кўриш ва ҳаракатланишда чекловга эга фойдаланувчилар учун анча қулайлаштирилди.

Афсуски, Ўзбекистонда ҳозирча сайтлар ва онлайн хизматларнинг рақамли қулайлигини белгиловчи алоҳида миллий стандарт мавжуд эмас. Шунга қарамай, 2013 йилдаёқ давлат идораларининг расмий сайтларига қўйиладиган айрим талаблар белгиланган эди. Масалан, контрастни ошириш, шрифтни катталаштириш, овозли ёрдамчи каби функциялар. Бироқ бундай чоралар рақамли қулайлик тушунчасининг фақат бир қисмини қамраб олади: контраст ёки шрифт катталигини ўзгартириш — бу анча кенг тушунчанинг кичик бир бўлаги, холос.

Диаграмма: фойдаланиш имкониятининг тўртта принципи. Манба.Диаграмма: фойдаланиш имкониятининг тўртта принципи. Манба.

2021 йилда Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенсиясининг 9-моддасига мувофиқ, давлат рақамли платформаларга — веб-сайтлар, иловалар, электрон ҳужжат айланиш тизимлари ва бошқа ахборот-коммуникация технологияларига тенг фойдаланишни таъминлаши шарт. Конвенсиянинг 21-моддасида маълумотни муқобил форматларда тақдим этиш мажбурияти кўзда тутилган — масалан, овозли форматлар, субтитрлар, соддалаштирилган ёки мослаштирилган матнлар, ва бу элементларни рақамли ресурсларда техник жиҳатдан амалга ошириш.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикасининг «Ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари тўғрисида»ги қонунининг 9-моддасида давлат иншоотлар ва хизматларнинг, шу жумладан ахборот-коммуникация технологиялари ва тизимларининг ногиронлиги бўлган шахслар учун бошқа фуқаролар билан тенг равишда қулай бўлишини таъминлаши белгиланган. Шунингдек, «Рақамли Ўзбекистон — 2030» стратегияси доирасида рақамли инфратузилма ва хизматларни ривожлантириш, жумладан, аҳолининг барча тоифалари учун уларнинг мавжудлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар назарда тутилган.

Нега рақамли шароитлар ҳаммага керак?

Рақамли шароитлар фақат ногиронлиги бўлган инсонлар учун эмас, барчага фойдалидир. Оддий навигация, тушунарли тил, яхши контраст, мосланувчан (адаптив) дизайн — буларнинг барчаси хизматдан ҳаммага қулай фойдаланишни таъминлайди. Кексалар ахборотга тезроқ тушунади. Вақтинча чекловларга эга одамлар (масалан, жароҳатдан сўнг) ҳаракатларни осонроқ бажара олади. Ҳатто интернети секин ишлайдиган ёки эски телефон ишлатаётган фойдаланувчилар учун ҳам сайтлар универсаллик тамойилларига асосланиб ишлаб чиқилган бўлса, уларни ишлатиш анча қулай бўлади.

Бу бинога киришдаги пандус каби, фақат у ногиронлар аравачасидан фойдаланувчи одамга эмас, балки болали она, қутилар кўтарган курер, ёки шунчаки чарчаган одам учун ҳам керак. Рақамли инклюзия — бу инсон ҳуқуқи, нафақат имтиёз. Афсуски, Ўзбекистонда кўпчилик сайтлар, иловалар ва дастурий таъминотлар рақамли шароитлар тамойилларига мос эмас. Аммо жамиятда аста-секин бу борада тушунча шаклланмоқда: рақамли Ўзбекистон-2030 ҳақида гап кетар экан, барчани ҳисобга олмасдан, бу мақсадга эришишнинг иложи йўқ.

Рақамли шароитлар ва қулайликни йўқлиги — бу нафақат ҳуқуқ бузилиши, балки иқтисодий имкониятни бой беришдир. Масалан, Буюк Британияда ўтказилган Click-Away Pound Survey тадқиқотига кўра, ногиронлиги бўлган фойдаланувчиларнинг 70 фоиздан ортиғи фойдаланиш қийин бўлган сайтларни тарк этади ва деярли ҳеч қачон қайтиб келмайди. 2022 йилда бу Британия онлайн чакана савдосига 17,1 миллиард фунт стерлингга тушди.

Худди шундай, бутун дунё миқёсида ҳам компаниялар йиллик миллиардлаб доллар даромад йўқотмоқда, чунки улар интерфейслар қулай бўлса, фойдаланишга тайёр бўлган катта аудиторияни эътиборсиз қолдирган. Шу боис, инклюзив онлайн хизматлар яратиш — бу нафақат ижтимоий масъулият, балки мижозлар базасини кенгайтириш ва уларнинг садоқатини ошириш имкониятидир.

Бутунжаҳон рақамли қулайлик ҳақида хабардорлик куни бизга яна бир бор эслатади: замонавий технологиялар барчага қулай ва очиқ бўлиши керак. Ҳар бир дастурчи, дизайнер, муҳаррир ва расмий ўзидан сўраши керак — яратаётган нарсамиздан ҳаммами фойдалана олади? Агар жавоб «йўқ» бўлса, бу техник хато эмас. Бу — ижтимоий адолатсизлик. Ва уни тузатиш учун ҳали кеч эмас. Қанчалик эрта эътиборга олсак, рақамли муҳитдан четда қолувчилар шунчалик кам бўлади.

Рақамли қулайлик — бу қийин ёки қиммат нарса эмас. Аксарият ҳолларда асосий муаммоларни ҳал қилиш катта харажат талаб қилмайди, агар муаммонинг моҳияти дастлабдан тушунилса. Кўпинча бу ресурс етишмаслигидан эмас, балки қарор қабул қилувчилар (дастурчилар, дизайнерлар, менежерлар, давлат буюртмачилари) орасида етарлича хабардорлик йўқлигидан келиб чиқади. Айнан уларнинг қарорига боғлиқ: маҳсулот ҳаммага очиқ бўладими — йўқми?

Масалан, стандарт HTML элементларидан фойдаланиш ва сарлавҳаларни тўғри тузиш сайтни кўпроқ инсонлар учун тушунарли қилади. Расмга ёзилган муқобил матнлар (alt-text) — бу шунчаки техник формалилик эмас, балки кўзи ожиз фойдаланувчига экранда нима тасвирланганини тушунтириш воситаси. Интерфейс нималар бўлаётганини «айтиб туриши» керак. Масалан, «янгилаш» тугмаси босилганда, скринридер махсус атрибутлар орқали бу ҳақида фойдаланувчига хабар бериши керак. Айни вақтда, айрим визуал элементларни, аксинча, экранли дикторлардан яшириш керак, чунки бу ортиқча юклама ва «маълумот шовқинга» олиб келади.

абдулазиз салимов, дилмурод юсупов, колонка, рақамли қулайликДилмурод Юсупов — тадқиқотчи ва фуқаролик жамияти фаоли, Ўзбекистонда ногиронликнинг турли шаклларига эга бўлган инсонлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланади.

абдулазиз салимов, дилмурод юсупов, колонка, рақамли қулайликАбдулазиз Салимов — рақамли шароитлар бўйича эксперт, Ягона интерактив давлат хизматлари портали ривожлантириш бўлими мутахассиси.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *