АҚШ Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар вазирлиги душанба куни Гарвард университетига ажратилган 60 миллион долларлик федерал грантларни бекор қилаётганини маълум қилди, деб ёзади Reuters.
Вазирликнинг таъкидлашича, Айви лигаси университети кампусдаги антисемитик таъқиб ва этник камситиш муаммоларини ҳал қилмаган.
АҚШ президенти Дональд Трамп маъмурияти сўнгги ҳафталарда университетга ажратилган қарийб 3 миллиард долларлик федерал грантлар ва шартномаларни тўхтатиб қўйди ёки бутунлай бекор қилди.
Президент январь ойида ўз лавозимини эгаллаганидан бери федерал тадқиқот маблағларидан АҚШ академиясини тубдан ислоҳ қилиш учун фойдаланишга ҳаракат қилмоқда, унинг сўзларига кўра, у Америкага қарши, марксистик ва «радикал сўл» мафкуралар томонидан қамраб олинган.
Маъмурият Гарвардни талабалар аризаларини кўриб чиқишда этник мансубликни ҳисобга олишда давом этаётганликда ва ўтган йили Америка кампусларида кўтарилган фаластинпараст талабалар норозилик ҳаракати натижасида яҳудийларга нисбатан камситишга йўл қўйганликда айблади. Нью Йоркдаги Колумбия университети ҳам антисемитизмда айбланган.
«Гарвард университетининг антисемитик таъқиб ва ирқий камситишларга қарши курашда давом этаётган муваффақиятсизлиги туфайли вазирлик бир неча кўп йиллик грант мукофотларини батамом тўхтатмоқда», — дейилади идора хабарида.
Массачусетс штатининг Кембриж шаҳрида жойлашган мазкур муассаса аввалроқ Трамп маъмуриятини грантларни қисқартириш қарори учун судга берганди. Таълим муассасаси Оқ уйнинг чораларини ноқонуний деб атаган ва расмийларни университетни назоратга олишга уринишда айблаган.
Оқ уй вакили Ҳаррисон Филдс университет даъвосига изоҳ бериб, Гарвард каби муассасаларга федерал ёрдам дастури «охирига етаётгани»ни айтган. Унинг таъкидлашича, «солиқ тўловчиларнинг маблағлари — имтиёз, Гарвард эса ушбу имтиёздан фойдаланиш учун зарур бўлган асосий шартларни бажармаяпти», — деб ёзган NYT.