Тошкент шаҳри ҳокими пойтахтда йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш учун 2 миллиард 44 миллион сўм ажратиш тўғрисида қарор имзолади.
Маблағнинг 1 млрд 460 млн сўми кўча ва йўллар бўйлаб темир панжара ўрнатиш учун, 588 млн сўми эса қавариқ (кўтарилган) пиёдалар ўтиш жойларини ташкил этиш учун туман Ободонлаштириш бошқармаларига ўтказилади.
Қарор иловасида келтирилишича, йўллар бўйлаб жами 5600 метрлик панжаралар ўрнатилади. Шундан 1000 метри Олмазор туманида ўрнатилади.
Қавариқ пиёдалар ўтиш жойлари шаҳарнинг 42 та жойида ташкил этилади. Бунда ҳар бир шундай жой учун 14 млн сўмдан ажратилган. Бу турдаги пиёдалар ўтиш жойи Олмазор туманида 6 та, Шайхонтоҳур, Юнусобод, Сергели Миробод туманларида 5 тадан, Бектемир туманида 4 та, Яшнобод ва Чилонзор туманларида 3 тадан, Мирзо Улуғбек, Яккасарой ва Янгиҳаёт туманларида эса 2 тадан бўлади.
Аввалроқ болалар омбудсмани Ўзбекистонда шаҳар ва туман аҳамиятига эга кўчаларга туташ мактаб ва болалар боғчалари олдига 308 та кўтарилган ўтиш жойлари ўрнатилганини маълум қилганди. ЙҲХХ маълумотларига кўра, 2025 йилда 678 та мактаб яқинидаги баланд пиёдалар ўтиш жойларини жиҳозлаш режалаштирилган.