Корея Республикаси ҳукумати Ўзбекистонга «Статистика салоҳиятини ошириш» лойиҳасини молиялаштириш учун 3,8 млн долларлик грант ажратди, дея хабар берди Ўзбекистон Миллий статистика қўмитаси матбуот хизмати.

«Статистика салоҳиятини ошириш» лойиҳаси Ўзбекистон Миллий статистика қўмитаси ва Корея Республикасининг Statistics Korea идораси ҳамкорлигида 2025−2028 йилларда амалга оширилади. Лойиҳа Корея ҳукуматининг ривожланишга расмий ёрдам дастури (ODA) доирасида 3,8 млн АҚШ доллари миқдоридаги грант асосида молиялаштирилади.

Унинг доирасида Ўзбекистонда статистика тизимини модернизация қилиш, рақамли технологиялар ва халқаро тажрибаларни жорий этиш режалаштирилган. Ҳозирда Корея статистика идораси вакиллари Миллий статистика қўмитасига келиб, лойиҳа доирасидаги якуний йўналишларни муҳокама қилаётгани айтилган.

«Муҳокамаларда кадрлар малакасини оширишга алоҳида эътибор берилди. Бу йўналишда Миллий статистика қўмитаси ходимлари учун Корея ва Ўзбекистонда ўқув курслари ташкил этилади, шунингдек, Кадрлар малакасини ошириш ва статистик тадқиқотлар институтида компьютер ва аудио қурилмалар билан жиҳозланган замонавий ўқув хоналари ташкил этилади», — дейилади хабарда.

Шунингдек, лойиҳа доирасида CATI (компьютер ёрдамида телефон орқали интервью ўтказиш) тизими жорий этилади. Бу танланма кузатувларни тезкор ва аниқ амалга оширишга имконият яратиши кутилмоқда. Бундан ташқари, маъмурий маълумотлар базаларини бошқариш тизими яратилиб, давлат органлари ўртасида маълумотлар интеграцияси таъминланиши ва статистик таҳлиллар автоматлаштирилган, ишончли платформаларда амалга оширилиши режалаштирилган.

«Ушбу лойиҳа Ўзбекистон статистика тизимига инновация ва юқори технологияларни жорий этиш, соҳани халқаро андозаларга мос равишда ривожлантиришга хизмат қилади», — дея қайд этган қўмита.