Ucell (Сoscom МЧЖ) уяли алоқа операторининг оммавий офертаси қонунчилик талабларига мувофиқлаштирилди, дея хабар қилди Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси матбуот хизмати.

Қайд этилишича, фуқаро В.К. қўмитага мурожаат қилиб, Ucell компаниясининг оммавий оферта шартларида маънавий зарарни қоплаш билан боғлиқ ҳолатларда истеъмолчилар ҳуқуқларини чекловчи талаблар мавжудлигини билдирган. Аризачи ушбу шартларни қонунчиликка мувофиқлаштиришда амалий ёрдам сўраган.

«Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги ва «Телекоммуникациялар тўғрисида»ги қонунларга кўра, хизмат лозим даражада кўрсатилмаган ҳолларда моддий ва маънавий зарар қопланиши шарт, истеъмолчи ҳуқуқларини чекловчи шартлар мавжуд шартномалар эса ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Мазкур мурожаат юзасидан қўмита томонидан ўтказилган таҳлиллар давомида Ucell`нинг Prepaid тизимидаги уяли алоқа хизматларини тақдим этишга доир оммавий офертасида томонлар фақат тўғридан-тўғри етказилган зарарлар учунгина жавобгар ҳисобланиши, шу жумладан, маънавий зарар ва бой берилган даромад учун жавобгарлик белгиланмагани аниқланган.

Қўмита томонидан операторга оммавий офертани қонунчиликка мувофиқ қайта кўриб чиқиш бўйича кўрсатма берилди. Натижада компания шартларга моддий ва маънавий зарар учун ҳам жавобгарликни назарда тутувчи ўзгартишлар киритди.

Қўмита олдин ҳам рекламаларда бўрттирувчи маъно ифодалангани учун Ucell компаниясини жаримага тортганди.