Ўзбекистондаги Humans брендига эгалик қилувчи Сингапурнинг Humans Mobile PTD Ltd. компанияси Жаҳон банкининг Инвестиция низоларини ҳал қилиш халқаро марказида (ICSID) Ўзбекистонга қарши бошлади.
Даъво 30 май куни АRB/25/24 рақами билан рўйхатга олинган ва кўриб чиқилмоқда. Судланувчи — Адлия вазирлигининг Ўзбекистон Манфаатларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш бошқармаси.
Даъво қўзғатилишига Ўзбекистон ва Сингапур ҳукуматлари ўртасида 2003 йил 15 июлда имзоланган инвестицияларни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисидаги икки томонлама битим бузилгани ҳақидаги тахмин асос бўлган.
Компаниянинг Spot’га маълум қилишича, унинг ҳуқуқлари қатор давлат идоралари, жумладан, Марказий банк ва «Ўзбектелеком» томонидан бузилган. Хусусан, бу 2024 йил сентябрь ойида Марказий банк қарори билан фаолияти олти ойга тўхтатилган Maroqand (UPay бренди) тўлов ташкилотига нисбатан ҳаракатларга тегишли. Ўшанда регулятор раҳбари Мамаризо Нурмуратов ушбу қарор фуқароларнинг пул маблағларини букмекер конторалари ҳисобига ўтказиш ҳолатлари аниқлангани билан боғлиқлигини айтганди.
Кейинроқ, 26 март куни Банк назорати қўмитаси Maroqand’нинг айрим фаолиятига қўйилган чекловларни бекор қилди. Марказий банкнинг хабарномаси 17 апрелда қайта кўриб чиқилди.
Humans Group бош директори ва асосчиси Владимир Добрининнинг таъкидлашича, арбитраж муҳокамаси «инвесторларни адолатсиз маъмуриятдан ҳимоя қилиш учун маданиятли восита» сифатида қаралмоқда. Даъво миқдори ошкор этилмаган. Шу билан бирга, компания бу иш Ўзбекистонда «адолатли ва тахмин қилса бўладиган тартибга солиш тамойилларини мустаҳкамлашга» ҳисса қўшишига умид қилмоқда.
«Биз Ўзбекистонга ва унинг фуқароларига доимо ишонганмиз ва ишонишда давом этамиз. Президентнинг иқтисодиётни модернизация қилиш, рақамлаштириш ва тадбиркорлик эркинликларини кенгайтириш борасидаги саъй-ҳаракатларини чин дилдан ҳайратдамиз. Трансформациялар йўлида эркин бозор яратиш, очиқликни ошириш ва ўсиш суръатларини тезлаштиришга путур етказаётган қарши тарафлар борлигини тушунамиз. Биз Ўзбекистоннинг қонун устуворлиги ва ўзгаришлари тарафдоримиз», — дея изоҳ берди баёноти бир қатор хорижий ОАВ томонидан келтирилган Humans Group CEO’си ва асосчиси Владимир Добринин.
МБ муносабати
Марказий банк матбуот хизмати Humans Mobile PTD Ltd. компанияси 20 май куни халқаро марказга Ўзбекистонга қарши арбитраж ишини қўзғатиш учун ариза билан мурожаат қилганини тасдиқлади.
Арбитраж маркази даъвогарнинг аризасини иш юритиш учун қабул қилган. Ҳозирда иш моҳияти бўйича кўриб чиқишга тайёргарлик кўриш босқичида. Жараённинг бориши билан қўшимча маълумотлар берилади.
«„Мароқанд“ АЖ тўлов ташкилотида фуқароларнинг пуллари қонунчиликда савдоси ва хизмат кўрсатилиши тақиқланган хизматларга (қимор ўйинлар) ўтказилганлиги сабабли ушбу тўлов ташкилотининг айрим тўлов хизматларини амалга ошириши 2024 йил 25 сентябрдан бошлаб олти ой муддатга чекланган ҳамда тўлов ташкилоти фаолиятида аниқланган ҳолатларга ҳуқуқий баҳо бериш учун тегишли ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этилган эди», — дейилади хабарда.
«Ўзбектелеком» компанияси устидан шикоят
Soot хабарига кўра, май ойида Humans Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасидан «Ўзбектелеком»га қарши монополияга қарши иш очишни сўраган. Компаниянинг фикрича, давлат оператори хизматлар учун «монополистик даражада юқори нарх» белгилаб қўйган ва қарздорлик туфайли Humans учун интернет тезлигини пасайтириб, камситувчи шароитлар яратган.
Humans’нинг таъкидлашича, у ўз телекоммуникация инфратузилмасига эга бўлмаган ҳолда, 2020 йил 22 майдаги келишувга асосан «Ўзбектелеком» тармоғидан фойдаланмоқда. 2021 йилдан бошлаб Gn-интерфейс орқали интернет маълумотларини узатишнинг асосий тарифлари интернетнинг бозор қиймати сезиларли даражада пасайганига қарамай, ўзгармаган.
«Бу иқтисодий мантиқ ва монополияга қарши қоидаларга зид», — деб даъво қилмоқда компания.
Humans 2020 йилдан 2023 йилгача халқаро бозорда 1 Гб трафик нархи 1,34 доллардан 0,3 долларга тушганини, халқаро коммутация марказлари хизматлари 45 фоизга арзонлашганини ва LTE жорий этилиши туфайли 4G хизматлари нархи сезиларли даражада пасайганини таъкидламоқда. Бироқ «Ўзбектелеком»нинг асосий тарифлари 2021 йил июнь ойидаги даражада сақланиб қолган.
Компаниянинг таъкидлашича, инфратузилма харажатлари ишлаб чиқариш харажатларининг 58 фоизига етган, бу эса бизнес моделини фойдасиз қилиб, эркин рақобатга путур етказган.
Humans «Ўзбектелеком» билан тузилган шартномалар бўйича, компанияга кўра, монополистик даражада юқори нархлар туфайли юзага келган қарздорлик ҳақида ҳам хабар берди. Вазиятни ҳал қилишга уринишларга жавобан, оператор интернет тезлигини босқичма-босқич пасайтириш, шунингдек, хизматларни тўхтатиш ва қонуний чоралар кўриш мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.
Рақобат қўмитаси Gazeta’га Humans’нинг аризаси келиб тушганини тасдиқлади, у ҳозирда кўриб чиқилмоқда. «Ўзбектелеком» таҳририят сўровига жавобан расмий баёнот тайёрланаётганини маълум қилди.
