4 июнь куни кечқурун Ўзбекистоннинг Қозоғистон билан чегарасидаги «Навоий» чегара божхона постида (Қозоғистон томонида — «Капланбек») ўтган кунларда ҳосил бўлган автомашиналар навбатларига барҳам берилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Божхона қўмитаси матбуот котиби Ҳусан Тангриев маълум қилди.
У соат 20:20 да олинган ва навбатлар йўқлигини тасдиқловчи фотосуратни (юқорида) жойлаштирди.
Gazeta 3 июнь куни Қозоғистон томонидаги «Капланбек» ва «Б.Конысбаев» («Яллама») постларида юзлаб ҳайдовчилар, жумладан, оилалари, болалари ва кексалари билан Ўзбекистонга кириш учун бир суткадан кўпроқ вақтдан бери навбатда турганини ёзган эди. Гувоҳларнинг нашрга айтишича, Қозоғистон томонида номаълум шахслар ҳайдовчилардан пул талаб қилмоқда.
Фото: Божхона қўмитаси.
Эрталаб «Навоий» ва «Капланбек» постлари ўртасидаги нейтрал зонада Ўзбекистон ва Қозоғистон чегарачилари билан божхона ходимлари ўртасида тезкор ишчи учрашув ташкил этилиб, унда навбатларни бартараф этиш бўйича ҳаракатларни мувофиқлаштириш муҳокама қилинди.
Йиғилишда Ўзбекистон Божхона қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Ғайрат Насиров ва Қозоғистон Молия вазирлиги Давлат даромадлари қўмитаси бошлиғи ўринбосари Кайрат Джумагулов ҳамда бошқа расмий шахслар иштирок этди.
Кечқурун Ҳусан Тангриевнинг хабар қилишича, юзага келган вазиятни бартараф этиш учун қўшимча куч ва воситаларни жалб этиш бўйича келишувга эришилган.
«Навоий» постида Ўзбекистондан чиқиш йўналишида Қозоғистондан келаётган енгил автомобилларнинг тескари (қарама-қарши йўналишда) ҳаракати ташкил этилди.
БҚ маълумотларига кўра, айни пайтда «Навоий» постида ҳар куни ўртача 40 минг пиёда ва 2 мингга яқин автомобиль ўтади. Қурбон ҳайити (6 июнь) яқинлашаётгани муносабати билан фуқаролар ва автомашиналар оқими кўпайган.
Ўзбекистон ва Қозоғистон фуқаролари кундузи соат 8:00 дан 18:00 гача Сирдарё вилоятидаги камроқ гавжум «Оқ Олтин» (Қозоғистон томонида — «Целинный») ва «Малик» («Сырдарья») постларидан фойдаланиши мумкин. Ушбу постлардан кунига ўртача 1500 га яқин одам ва 250 дан сал кўпроқ автомобиль ўтади.
