Ўзбекистоннинг Франкфурт-Майндаги Бош консулхонаси ходимлари Work and Travel дастури асосида Германияга борган ва қийин молиявий аҳволда қолган Қорақалпоқ давлат университети талабаларига амалий ёрдам кўрсатди, деб хабар қилмоқда «Дунё» ахборот агентлиги.
Қайд этилишича, 14 нафар талаба ташкилий масалаларда йўл қўйилган баъзи камчиликлар сабабли сафарнинг биринчи кунида режалаштирилган манзил ва иш жойига етиб боролмаган ҳамда ётоқсиз қолган.
Дипломатлар ва Франкфурт-Майн шаҳридаги фаол ватандошлар кўмагида улар консулликка олиб борилган. Талабалар иссиқ овқат билан таъминланган ҳамда муаммоларнинг юзага келиш сабаблари ва маҳаллий иш берувчи томонидан меҳнат шартномасини бажарилиши ҳолатлари бўйича суҳбат ўтказилган.
Уларга, шунингдек, Германияда бўлиш қоидалари тушунтирилган, ўз хавфсизликларини таъминлаш, шахсий мулк ва ҳужжатларини эҳтиёт қилишлари юзасидан тегишли чоралар кўришлари лозимлиги айтиб ўтилган.
«Молиявий жиҳатдан қийин аҳволда қолган талабаларга тезкорлик билан ёрдам кўрсатиш мақсадида Ўзбекистон Миграция агентлиги билан хар бир талаба белгиланган меъёрда кунлик харажатлар учун зарур маблағ билан таъминланди ва меҳмонхонада яшаш харажатларини қоплаш бериш юзасидан агентлик билан келишиб олинди», — дейилади хабарда.
Талабаларга Франкфурт-Майн шаҳридан вақтинча яшаб туришлари учун меҳмонхонадан жой олишда амалий ёрдам кўрсатилган.
«Уларни вақтинча иш билан таъминлашда воситачилик қилган Германиянинг Nova Agency компанияси масъул ходимлари билан юзага келган муаммолар муҳокама қилинди. Бош консулхона дипломатлари талабаларнинг шартнома бўйича белгиланган иш жойига етиб бориши ва меҳнат фаолиятини бошлашлари бўйича музокараларни давом эттирмоқда», — дейилади хабарда.