Марказий банк маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари май ойи якунлари бўйича ўсишда давом этди ва 49,66 млрд долларга етди. Бу 2013 йилдан бери статистик маълумотларни юритиш бўйича рекорд кўрсаткичдир.
Апрель ойига нисбатан захиралар 410,2 млн долларга (+0,8%) ошган. Кескин ўсиш кетма-кет бешинчи ой давом этмоқда. Йил бошидан буён ўсиш 8,48 млрд долларни (+20,6%) ташкил этди.
Ўсишда яна асосий ҳисса олтинга тўғри келди, унинг жаҳон бозоридаги қиймати юқори даражада қолмоқда.
Май ойида олтин котировкалари 0,6 фоизга ошди: 3272,7 доллардан 3292,1 долларгача. Жорий йилнинг беш ойида қимматбаҳо металл 25,5 фоизга, йиллик дистанцияда эса 41,3 фоизга қимматлашди. Йил бошидан буён қимматбаҳо металл АҚШ президенти Дональд Трампнинг савдо сиёсати фонида энг даромадли активлардан бирига айланди.
Февраль-апрель ойларида Ўзбекистон ҳар ойда тахминан 12 тонна олтин сотган. Май ойида сотувлар 30 минг троя унциясигача (1 тоннадан кам) қисқарди. Захирадаги қимматбаҳо металлнинг физик ҳажми 11,43 миллион троя унциясини (355,5 тонна) ташкил этади. Бу 2022 йил июнь ойидан бери захиралардаги энг кам олтин миқдоридир.
Шунга қарамай, қимматбаҳо металлнинг қиймати 2,2 млн долларга ошиб, 37,65 млрд долларгача етган.
Шунингдек, захираларнинг валюта қисми 411,9 млн долларга — 11,44 млрд долларгача ўсишда давом этди, бу 2022 йил декабрь ойидан бери энг юқори кўрсаткичдир.
Марказий банк ҳам активларни диверсификация қилишда давом этмоқда. Марказий банк яна 2,4 млн долларлик қимматли қоғозларни сотиб олиб, уларнинг ҳажмини 706,3 млн долларгача етказди.
S&P рейтинг агентлигининг баҳолашича, Марказий банкнинг мавжуд захиралари ҳажми 2026 йилга бориб 36,3 млрд долларгача камаяди, 2028 йилга бориб 30,07 млрд долларга етади. Бу, жумладан, олтин нархининг кутилаётган пасайиши фонида унинг қайта баҳоланиши билан боғлиқ.
Марказий банкнинг олтин-валюта захиралари миллий иқтисодиёт ва молия тизимининг барқарорлигини сақлашда муҳим роль ўйнайди. Улар кескин тебранишлар юз берганда миллий валюта курсига таъсир кўрсатиш орқали унинг барқарорлигини қўллаб-қувватлаш, кредиторлар олдидаги ташқи мажбуриятларни тўлаш, инқирозли вазиятларда импортни қоплаш, шунингдек, ташқи иқтисодий хатарлардан суғурталаш учун ишлатилиши мумкин.
Захиралар экспорт қилинадиган товарлар нархининг кескин ўзгариши, халқаро санкциялар, глобал молиявий инқирозлар ёки валюта бозорларидаги тебранишлар каби ташқи шоклардан ўзига хос «хавфсизлик ёстиқчаси» ҳисобланади.