Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 9 июнь куни Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этиш учун ташриф буюрган БРИКСнинг Янги тараққиёт банки президенти Дилма Русефни қабул қилди, деб хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Мазкур молия институти билан амалий ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Ўтган йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтган БРИКС саммити доирасида эришилган келишувлар ижроси қайд этилди.

«Хусусан, банкнинг Бошқарувчилар кенгаши томонидан Ўзбекистон Янги тараққиёт банкига аъзо бўлишига принципиал розилик берилди. Умумий қиймати 5 миллиард долларлик биринчи навбатдаги қўшма лойиҳалар дастури шакллантирилди», — дейилади хабарда.

Ўзбекистон президенти устувор йўналишлар: ирригация тизимларини модернизация қилиш, тоғ-кон саноатини ривожлантириш, хусусий секторни молиялаштириш, таълим ва инфратузилма соҳаларида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини илгари суриш каби лойиҳаларни тезкор тайёрлаш ва амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади.

Йирик ҳудудий инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш ҳам қўллаб-қувватланди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йил охирида Ўзбекистон БРИКСнинг ҳамкор давлат мақомини олиши маълум бўлганди.