10 июнь куни соат 18:45 да Бунёдкор стадионида Ўзбекистон ва Қатар терма жамоалари футбол бўйича 2026 йилги Жаҳон чемпионати саралаш босқичи ўйинини ўтказади. Ундан аввал БААни мағлуб этиб мундиал йўлланмасини нақд қилган миллий терма жамоа 6 май куни Ўзбекистонга қайтиб келди. 8 июндан бери улар машғулот олиб бормоқда.
9 июнь, душанба куни Қатар терма жамоси футболчилари ҳам мамлакатда ўз машғулотларини бошлаган.
Ўйин олдидан учрашув учун тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда, пойтахт ИИББ футбол мухлисларидан жамоат тартибини сақлашни сўраб, турли қонунбузарликлардан огоҳлантирди. Шунингдек, стадионга яқин бир қатор йўллар ёпилиши ҳақида хабар берилди. Унга кўра, 3 та кўча ва чорраҳада соат 16:00 дан 22:00 гача автомобиллар ҳаракати чекланади.
Фото: Тошкент шаҳри ИИББ.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси мухлислардан «Бунёдкор» стадионига ўйин вақтидан эртароқ келишни сўради. Ташкилот ўйин тугагач тарихий натижа қайд этган миллий терма жамоа аъзоларини тақдирлаш маросими ўтказилиши режалаштирилганини маълум қиkди.
«Ўйин олдидан Жаҳон чемпионати йўлланмаси қўлга киритилгани муносабати билан байрам тадбири ташкил этилади. Шу сабабли мазкур учрашувга чипта олган барча ишқибозлардан стадионга максимал эртароқ келиб, ўз жойларини эгаллашлари сўралади. Стадион мухлислар учун учрашув бошланишидан 3 соат олдин (15:45) очилади», — дейилади хабарда.
Бундан ташқари, ўйинни стадиондан кўриш учун чипта ололмаганлар учрашувни Миллий кутубхона олдидаги Ёшлар шаҳарчасида томоша қилиши мумкин. Ташриф буюрувчиларга Тошкент шаҳри ҳокимияти ташаббуси билан «Салом, Мундиаль!» супершоуси ташкил этилади.
Ўзбекистон ва Қатар учрашуви олдидан жамоалар иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Унда қатнашган Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Тимур Кападзе барчани йўлланма билан табриклади. Мураббий жамоаси учрашувга тўлиқ тайёрлиги ва ғалаба қозониб, халқни хурсанд қилишга ҳаракат қилишига ишонтирди.
Унинг айтишича, жамоада кайфият жуда яхши, тайёргарлик жараёни давом этмоқда. 9 июнь куни расмий машғулот ўтказилган.
Учрашув даражасини ҳис қилиб турибмиз. Футболда доимо кейинги ўйинга эътибор қаратиш зарур, дея фикр билдирди у.
Чапдан: Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Тимур Кападзе ва ҳужумчи Элдор Шомуродов. Фото: ЎФА.
Кападзе Қатар терма жамоасига қарши аввалги ўйинлар ҳақида гапирар экан, Осиё чемпионати ва Жаҳон чемпионати саралаш босқичида Қатарга қарши учрашувларда йигитлар яхши ўйин намойиш этганига қарамай, омад қатарликларга насиб этганини таъкидлади. Шунингдек, у гуруҳдаги ҳар бир рақиб билан баҳс доимо қийин кечиши, жамоа эса ҳар жиҳатдан улардан кучли эканига ишонишини айтиб ўтди.
«Эртага мухлисларимиз ва насиб бўлса президентимиз ҳам футбол стадионига келади, уларнинг олдида ҳам чиройли ўйнаб ғалаба қозонишга ҳаракат қиламиз», — қайд этди мураббий.
Терма жамоа сардори Элдор Шомуродов чиройли ўйин кўрсатиб, ғалаба қозониш ва мухлисларни хурсанд қилиш ниятидалиги ҳақида сўзлади.
«Мундиалга чиққанимиз ва қандай натижа қайд этганимизни яхши тушуниб турибмиз. Лекин ҳозир бор эътиборимиз Қатарга қарши баҳсга қаратилган. Насиб қилса, эртанги ғалаба ва мундиаль йўлланмасини мухлисларимиз билан биргаликда нишонламоқчимиз», — деди футболчи.
Қатар терма жамоаси бош мураббийи Хулен Лопетеги ўзбекистонликларни Жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритгани билан табриклади.
«Бу жуда катта ютуқ ва жамоа бунга тўлиқ муносиб эди. Биз гуруҳдаги энг кучли жамоалардан бирига қарши ўйнаймиз. Мундиалга йўл очилишига кичик имкониятимиз сақланиб қолган, шунинг учун эртанги ўйинда бошқа футболчиларимизни синаб кўриш имконияти ҳам бўлади», — деди у.
Қатар терма жамоаси бош мураббийи Хулен Лопетеги. Фото: ЎФА.
«Ўзбекистонлик футболчилар Европанинг етакчи лигаларида фаолият юритмоқда. Эртанги ўйинни жуда жиддий қабул қилишимиз керак, чунки бу баҳс октябрь ойида бошланадиган плей-офф босқичига дастлабки тайёргарлик бўлиб хизмат қилади. Имкониятимиздан максимал даражада фойдаланиб, ғалаба учун курашамиз. Ўтган учрашувлар ҳақида гапирмоқчи эмасман, бор эътиборимиз эртанги ўйинга қаратилган», — дея қўшимча қилди испаниялик мураббий.
Ўзбекистон ва Қатар терма жамоалари ўртасидаги учрашувлар тарихи:
- 2012 йил — Жаҳон чемпионати саралаши
Доҳа: Қатар 0−0 Ўзбекистон
Тошкент: Ўзбекистон 1−0 Қатар - 2017 йил — Жаҳон чемпионати саралаши
Доҳа: Қатар 1−0 Ўзбекистон
Тошкент: Ўзбекистон 1−0 Қатар - 2024 йил — Жаҳон чемпионати саралаши
Доҳа: Қатар 3−2 Ўзбекистон.