Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон зарарли чигирткаларга қарши курашда ҳамкорлик қилади. Европа ва Ўртаер денгизи ўсимликларни ҳимоя қилиш ташкилоти (EPPO) ишчи гуруҳининг 55-йиғилиши доирасида томонлар бунга келишиб олди, деб хабар берди Kazinform ахборот агентлиги Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизматига таяниб.
Мамлакат Давлат назорат қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи Сакен Қанибеков Ўзбекистон ва Қирғизистон фитосанитария хизматлари раҳбарлари билан учрашув ўтказди. Мулоқотнинг асосий мавзуси — чигирткаларга қарши ҳимоя чоралари. Учрашув давомида иштирокчилар мамлакатларда мавсумий ҳашаротларга қарши курашиш бўйича самарали чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича мавжуд амалиёт билан таништирилди.
Унда, хусусан, Ўзбекистон Ўзимликлар карантини давлат инспекциясининг Зарарли чигирткаларга қарши кураш автоматлаштирилган ахборот тизими Locust.uz намойиш этилди. У, хабарга кўра, чигиртка тухум қўйган ҳудудлар, кимёвий тозалаш ишлари олиб борилган ҳудудлар тўғрисидаги маълумотларни қайд этувчи электрон платформа бўлиб, вазиятни тўғри баҳолаш имконини беради.
Тизим, шунингдек, транспорт воситаларига ўрнатилган GPS қурилмалари ёрдамида махсус жиҳозлар ҳаракатини кузатиб боради. «Бу вазиятни ўз вақтида баҳолаш ва катта майдонларда чигиртка тарқалишининг олдини олиш имконини беради», — қайд этди агентлик.
Музокаралар якунлари бўйича томонлар ҳамкорликни мустаҳкамлаш, халқаро фитосанитария стандартларини жорий этиш ва ахборот алмашинувини ривожлантиришга келишиб олди. Бунда чегара ҳудудларида чигирткаларга қарши курашиш, фитосанитария ҳолати, ўрганиш натижалари, зарарли организмларнинг тарқалиши ва кўрилган чоралар тўғрисида тезкор маълумотлар алмашинувини таъминлаш бўйича ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилади.
Шунингдек, фитосанитария сертификатлари тўғрисидаги маълумотларни самарали ва мунтазам алмашиш учун ахборот тизимларини бирлаштириш кўзда тутилган.
Қозоғистон қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Ермек Кенжеханулининг маълум қилишича, мамлакатда 2 миллион гектаргача майдон чигиртка хавфи остида.
Аввалроқ Тошкентда чигиртка кўпайганига оид хабарларга Ўсимликлар ҳимояси агентлиги муносабат билдирган ва кураш фақат қишлоқ хўжалиги учун хавфли, тўда бўлиб яшовчи турларга қарши олиб борилаётганини тушунтирганди. Унга кўра, пойтахтда учраётган чигирткалар турғун турларга кирмайди. Уларга қарши кураш ҳар квадрат метрда 10 дан ортиқ индивидлар пайдо бўлса олиб борилади.
«Табиатда биологик занжир ва чигирткаларнинг табиий „қирувчилари“ — қушлар, бошқа турдаги ҳашаротлар ва амфибиялар мавжудлигини ҳисобга олсак, кам сонли чигирткаларга кимёвий ишлов бериш мақсадга мувофиқ эмас ва экология учун зарарли ҳисобланади», — деганди агентлик матбуот котиби Сабина Садинова.