Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги Москвадаги рейдлар чоғида чет эл фуқароларига, жумладан, Ўзбекистон фуқаролари бўлиши мумкин бўлган шахсларга нисбатан жисмоний куч ишлатилгани ҳақидаги хабарлардан «афсус ва таассуфда» эканини маълум қилди.
Baza канали видеосидан лавҳа.
Россия ҳудудида вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган чет эл фуқароларининг ҳуқуқий мақомини текшириш бўйича тадбирлар давомида ОАВ Россия гвардияси ходимлари томонидан фуқароларга нисбатан жисмоний куч ишлатилгани ҳақида хабар берди.
«Россия ҳукумати вакиллари ва йирик иш берувчилар томонидан Ўзбекистон фуқароларини ушбу мамлакатга тартибли ва ташкиллаштирилган тарзда ишга жалб қилишга йилдан йилга кескин қизиқиш ортиб бораётган бир шароитда айрим ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан чет эл фуқароларига нисбатан бундай қўпол муносабатни кузатилиши афсус ва таассуф уйғотади», — дейилади агентликнинг 9 июндаги хабарида.
Ҳолат Ўзбекистон Бош консулхонаси ва Миграция агентлигининг Россиядаги ваколатхонаси томонидан назоратга олинган. Идора Россия ҳуқуқ-тартибот идораларидан расмий маълумот кутмоқда.
Агентлик хавфсизлик кучларининг хатти-ҳаракатларидан жабр кўрган бўлиши мумкин бўлган Ўзбекистон фуқароларини зудлик билан ҳуқуқий ва консуллик ёрдамига мурожаат қилишга чақирди. Хусусан, бу тан жароҳати етказиш, ҳуқуқларни бузиш ёки бошқа ҳуқуқий муаммоларга тегишли.
Мурожаат учун телефонлар:
Нима рўй берди?
Ўзбекистон томонининг реакциясига сабаб бўлган воқеа бир кун аввал Москвада содир бўлган. Baza Telegram каналининг хабар беришича, ОМОН ходимлари Строгино туманидаги Мудофаа вазирлиги объектларидан бирида жойлашган меҳнат муҳожирлари ётоқхонасида қаттиқ рейд ўтказган.
Гувоҳларнинг айтишича, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари қўпол муносабатда бўлишган: эркакларни хоналардан ҳайдаб чиқаришган, секин ҳаракат қилганларни эса тепки ва шапалоқ билан туртиб чиқаришган. Ёзувда муҳожирларга нисбатан ишлатилган ҳақоратли сўзларни ҳам эшитиш мумкин.
Текширув натижаларига кўра, миграция тартибини бузгани аниқланган 5−6 нафар шахс қўлга олинган. Улар ҳолатга ойдинлик киритиш учун полиция бўлимига олиб кетилган. Ҳибсга олинганлар орасида, Baza маълумотларига кўра, Тожикистоннинг икки фуқароси бўлиб, улар кейинчалик депортация қилинган.
Аввалроқ рейд Санкт Петербургда ҳам ўтказилганди. 3 июндан 4 июнга ўтар кечаси 200 га яқин чет эл фуқароси «Красный текстильщик» кўчасидаги Ягона ҳужжатлар маркази иноси ёнида тунни ўтказган. Одамлар оммавий полиция рейдлари туфайли ҳужжатларни топширишга улгурмаганидан кейин асфальтда тунаб қолишди, деб ёзади «Бумага» нашри гувоҳларга таяниб.
Полиция маълумотларига кўра, хорижликлар оммавий бўладиган жойларда, жумладан, миграция хизматлари ва қурилиш майдончаларида ўтказилган тадбирлар натижасида 200 дан ортиқ одам олиб келинган. Уларнинг аксариятига маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жарима солинган, яна 30 нафар хорижликка мамлакатни тарк этиш тўғрисида огоҳлантириш берилган.
Санкт Петербургдаги Ягона ҳужжатлар маркази — чет эл фуқаролари меҳнат патентлари, вақтинчалик яшаш учун рухсатномалар, яшаш учун рухсатномалар ва Россия фуқаролигини оладиган асосий муассаса. Сўнгги ойларда ижтимоий тармоқларда ушбу марказда соатлаб навбат кутиш, кўчада тунаш ва мигрантларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш ҳолатлари ҳақида хабарлар кўп тарқалмоқда.
Май ойи бошида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Россия элчиси билан учрашувда Россияда меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқлари бузилиши ва уларга нисбатан қўпол муносабатда бўлиш ҳолатлари кўпайиб бораётгани масаласини кўтарганди. Шу муносабат билан, кўтарилган масалани синчковлик билан ўрганиш ва Ўзбекистон томонининг хавотирларини Россиянинг тегишли ваколатли органларига етказиш зарурлиги алоҳида қайд этилган.