• Вт. Июн 17th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Gazeta’нинг видеочи ва монтажчилари қандай ишлайди? – Ўзбекистон янгиликлари – Gazeta

Gazeta’нинг видеочи ва монтажчилари қандай ишлайди? – Ўзбекистон янгиликлари – Gazeta


Gazeta сайтдаги хабар ва мақолалар ортидаги меҳнат ва заҳматни кўрсатиб берувчи «Ой материали» подкастини тайёрлаб келади. Шу вақтгача қишлоқдаги абитуриентлар, 45 йилдан бери газли сув сотувчи амаки ҳақидаги материаллари, «Док-1 Макс» иши бўйича суд ва Бойсундаги авария юз берган газ кони атрофидан репортажлар қандай тайёрлангани ҳақида суҳбатлар уюштирилган эди. Бундан ташқари, янгиликлар қандай ёзилиши, сўровномалар қандай ўтказилиши, репортажлар қандай тайёрланиши ҳақида алоҳида подкастлар олинган. Лойиҳанинг сўнгги сони кадрорти қаҳрамонлари — видеооператор ва монтажчиларга бағишланди.

Маъмуржон Обраҳматов ва Шаҳзод Ҳабибуллаев Gazeta’нинг ўзбек таҳририятида, Евгений Сорочин ва Искандар Мирзааҳмедов рус таҳририятида фаолият олиб боради. Уларнинг барчасида видеооператорликка қизиқиш фотографиядан бошланган.

Масалан, Евгений Сорочиннинг дадаси оилавий тадбирларда ўзининг эски плёнкали фотоаппаратида суратлар олиб юрган. 2000 йиллардан рақамли камералар пайдо бўлиши билан плёнкалар йўқ бўлиб кетган ва Евгенийнинг дадаси ҳам суратлар билан шуғулланишни тўхтатган.

Евгений Сорочин. Кадр: YouTubeЕвгений Сорочин. Кадр: YouTube

«2012−2013 йилларда Феруз Рустамов деган ўртоғим фотография билан шуғуллана бошлаган эди. Мен ҳам қизиқиб, камерасини сўрадим. Камерани олиб кетиб, суратлар олдим-да, сўнг қайтариб бердим. У суратларимни кўриб, „сенда қандайдир қобилият бор, ишласак бўлади“, деди», — дея соҳага кириб келишини эслайди Евгений Сорочин.

Шаҳзод Ҳабибуллаев мактабда синфдошларини суратга олиб, пул ҳам ишлаб топганини айтса, Искандар Мирзааҳмедов ва Маъмуржон Обраҳматов бу борада яқинларининг қўлловини алоҳида таъкидлайди.

Маъмуржон Обраҳматов. Кадр: YouTubeМаъмуржон Обраҳматов. Кадр: YouTube

«Онам кичик ойликка ишлаб юрганларида менга камера сотиб олиб берганлар», — деб эслайди Маъмуржон. Искандар опасининг турмуш ўртоғи камера олиб берганини, онаси Macbook сотиб олиб берганини айтар экан, бунинг учун уларга катта миннатдорчилигини билдиради. «Бундай вақтда ёнингизда кимдир бўлса яхши-да», — дейди у.

Улар иш жараёнида техника билан боғлиқ фавқулотда ҳолатлар кўп бўлишини айтиб, флеш-хотира, батарейка, штатив, петличка (кичик микрофон) ва микрофонни унутиб қолдирганликларини съёмка жойига боргандагина билиб қолганлари ёки батарейкаларни қувватга тўлдирмай олиб борганларини эслашди.

«Менда олдин бундай ҳолатлар кўп бўларди. Чунки мен оператор эмасман, ишга монтажчи бўлиб келганман. Менинг Худо берган устозим бор — бу Евгений. Евгений съёмкага кетаётганида бирор нимани унутиб қолдирса, қўлида қандай қуроли бўлишидан қатъи назар, белгиланган ишни барибир битирарди. Буни кўриб менда ҳам, нима бўлишидан қатъи назар, муаммога ечим топиш керак, деган қараш шаклланган», — дейди Искандар Мирзааҳмедов.

Искандар Мирзааҳмедов. Кадр: YouTubeИскандар Мирзааҳмедов. Кадр: YouTube

Евгений Сорочин эса кўпинча бундай вазиятлардан юмор воситасида енгил чиқиб кетишга ҳаракат қилади. «Асабийлашмаслик керак. Одам — энг асосий ресурс. Одам — қиммат ресурс. У тирик бўлса, соғлом бўлса, бўлди — қолгани оддий темирча, пластик. Нима бўлса ҳам одам билан муносабатни яхши сақлаб қолиш керак», — дейди Евгений Сорочин.

Уларни журналистикада турли сабаблар ушлаб туради. Масалан, Евгений Сорочинга ҳақиқат ёқади, репортажлар орқали ҳақиқатни юзага чиқаришга ҳисса қўшади. Маъмуржон Обраҳматов қилаётган ишларининг ижтимоий аҳамиятини ҳис қилгани учун ҳам шу соҳада эканини таъкидлайди. Шаҳзод Ҳабибуллаев эса оддий одамлар кириб боролмайдиган жойларга бориб, вазиятни бошқалар учун ёритиб бериш шахсий қизиқишига айланиб улгурганини таъкидлайди.

Шаҳзод Ҳабибуллаев. Кадр: YouTubeШаҳзод Ҳабибуллаев. Кадр: YouTube

«Биз нима учун шу соҳада ишлаётганимиз муҳим. Биз инсонлар учун ёрдам берамиз. Масалан, Сергелида портлаш, Бойсунда газ конида авария бўлди. Биз у ерга бориб одамларнинг қанақа яшаётгани, нималарни бошидан ўтказаётганини кўрсатяпмиз. Мен репортажларимиздан кейин қандайдир ўзгаришлар бўлаётганига ишонаман. Уларни кўриб, одамлар бир-бирига ёрдам беришга ҳаракат қилади. Кимдир шундан кейин пул, қанақадир кийим-кечак жўнатиши, бориб келиб ҳол-аҳвол сўраши, телефон қилиши мумкин. Кимгадир ёрдам кўрсатилишига ҳисса қўшиш — менинг энг катта мотивациям», — дейди Искандар Мирзааҳмедов.

ой материали

Подкастнинг тўлиғини Gazeta’нинг YouTube-каналида кўриш мумкин.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *