• Вт. Июн 17th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

«Шароит Плюс» ўз лойиҳалари учун ҳомийлар излаяпти


Ногиронлиги бўлган шахсларга бир марталик ёрдамдан кўра уларнинг ўқиб-ўрганиб, меҳнат қилиб, мустақил яшашлари учун шароит яратиш беришни муҳим деб билувчи «Шароит Плюс» ташкилоти салкам 10 йилдан буён бандлик ва таълим соҳаларида муҳим ташаббусларни амалга ошириб келяпти. Масалан, ташкилотнинг «Иш Плюс» лойиҳаси орқали ногиронлиги бор юзлаб одамлар иш топди, айни дамда ногиронлиги бор хотин-қизларни ўқитишга мўлжалланган тикув цехи ривожлантириляпти ва шундай шахсларнинг журналистика билан шуғулланиши учун медиа марказ очиш режалаштирилган.

Аммо бу ташаббусларни рўёбга чиқариш ва умуман фаолиятни давом эттириш учун ташкилотга молиявий ёрдам зарур. Ташкилот вакилларининг сўзларига кўра, агар бу лойиҳалар тўлиқ ишга тушса, ташкилот ижтимоий хизматларидан даромад олиб, молиявий мустақилликка эришиши ва доимий хайрияларга муҳтож бўлмаслиги мумкин.

«Шароит Плюс» нима ўзи?

2009 йилда бир нечта ногиронлиги бўлган шахслар томонидан ўз-ўзига ёрдам гуруҳи сифатида йўлга қўйилган ташаббус 2016 йилда расмий равишда«Шароит Плюс» номи билан нодавлат нотижорат ташкилоти сифатида рўйхатдан ўтган.

Ташкилот ўз фаолиятини БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясида илгари сурилган асосий тамойил — «Биз ҳақимизда фақат биз орқали» шиори асосида олиб боради. Бу ёндашув ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаётига тааллуқли ҳар қандай қарорлар уларнинг бевосита иштирокида қабул қилиниши зарурлигини англатади.

Бугунги кунга келиб, «Шароит Плюс»нинг 105 нафар фаол аъзоси бор, ташкилотнинг ўзида 30 дан ортиқ киши иш билан таъминлаган.

«Иш Плюс» лойиҳаси

Ногиронлиги бўлган шахсларни бандлик билан таъминлашга қаратилган «Иш Плюс» лойиҳаси Ўзбекистондаги биринчи инклюзив рекруитив портал бўлиб, турли ташкилотлар ва иш берувчиларнинг вакансияларини тўплаб, эълон қилиб боради, ногиронлиги бор шахслар учун мўлжалланган курслар ҳам чоп этади.

Лойиҳа ногиронлиги бўлган инсонларга ёрдам беришдан кўра, уларга мустақил яшаш ва ўзини таъминлаш имкониятини яратиб беришга қаратилган. 2021 йилдан бери турли халқаро грантлар, молиявий хайриялар асосида фаолият олиб бораётган ташаббус шу пайтгача юзлаб ногиронлиги бор инсонларнинг иш билан таъминлашга муваффақ бўлган.

«Шароит плюс» ходимлари лойиҳаларини журналистларга таништирмоқда. Фото: Gazeta / Мумтозбегим.

«Иш Плюс» доирасида уч нафар координатор иш изловчилар билан, яна шунча координатор эса иш берувчилар билан мулоқот олиб боради.

Иш берувчилар билан мулоқотга масъул координаторлар бевосита турли ташкилотлардан вакансиялар тўплайди. Иш изловчилар билан мулоқотга масъул координаторлар эса ногиронлиги бор шахсларнинг мурожаатларни қабул қилади, резюмеларни кўриб чиқиб, уларнинг касбий кўникмаларини аниқлайди, яшаш жойидан келиб чиққан ҳолда мавжуд вакансияларга йўналтиради.

Координаторлар ва офисларга бириктирилган имо-ишора таржимони (сурдотаржимон) эшитишда ногиронлиги бор шахслар билан мулоқот қилишда ёрдам кўрсатади. Ишга жойлашган ногиронлиги бор шахсларнинг фаолияти, турли эҳтимолий вазиятларда уларга амалий кўмак бериш мақсадида, кузатиб борилади.

Аммо бу лойиҳанинг молиявий таъминоти ҳозирча барқарор эмас. Улар турли грант ва ижтимоий буюртмаларга таянишга мажбур. Лойиҳа 2024 йил 1 майдан бошлаб Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг «Инсон» ижтимоий хизматлари маркази томонидан олинган буюртмаларни бажара бошлаган. Ҳамкорлик бир йил давом этиши ва бу муддат ичида 300 нафар ногиронлиги бўлган шахслар ишга жойлаштирилиши режалаштирилган. 2025 йилнинг 30 май ҳолатига кўра лойиҳа саъй-ҳаракатлари билан ишли бўлган ногиронлиги бор шахслар сони 301 нафарга етган.

«Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига ҳамкорликни узайтириш мақсадида сўров юборганмиз. Уларга лойиҳанинг кейинги режаларини сарф этилажак тахминий бюджет билан бирга тақдим этганмиз. Ҳозирча музокаралар давом этмоқда. Аммо лойиҳанинг келгуси молиявий таъминоти номаълумлигича қолмоқда», — дейди «Шароит Плюс» кенгаши аъзоси Улуғбек Маматхонов.

Медиа-марказ

«Шароит Плюс» ногиронлиги бор журналист ва блогерларнинг эркин ижод қилиши учун махсус медиа-марказ очмоқчи. Лойиҳа доирасида видео ва аудиостудиялар ташкил этилиб, таянч-ҳаракатида ногиронлиги бор ижодкорлар учун тўсиқсиз муҳит яратилади. Натижада ногиронлиги бор шахсларнинг ўз медиа маҳсулотларини тайёрлаш ва санъатини намоён этиш учун макон пайдо бўлади.

«Тўғри, бугунги кунда студиялар кўп. Аммо ногиронлиги бор инсонлар фойдаланиши учун шароит етарли эмас — эшиклари тор, лифтлари йўқ, зиналари ноқулайлиги сабаб уларнинг хизматларидан фойдаланишда ноқулайликлар юзага келиши мумкин. Алоҳида инклюзив студия шунинг учун ҳам керак», — дейди Улуғбек Маматхонов.

2025 йил кузининг охиригача медиа-марказни ишга тушириш режалаштирилган. Халқ депутатлари Юнусобод туман кенгаши кўмагида «Шароит Плюс» офиси орқа тарафидаги ташландиқ бино имтиёзли тарзда ижарага олинган. Жаҳон банки ва бошқа ташкилотлар ёрдами билан бино таъмирдан чиқарилиб, офис ҳолатига келтирилган.

Шу ернинг ўзида ногиронлиги бор шахслар учун мўлжалланган инклюзив оммавий ахборот воситасининг таҳририятини ҳам ташкил этиш режалаштирилган. «Ўзбекистонда шунча ОАВ бор, яна биттаcи нимага керак, дейишлари мумкин. Аммо, масалан, имо-ишора таржимаси жуда саноқли ОАВда учрайди. Бундан ташқари, маълум гуруҳдаги ногиронлиги борлар учун содда тилдаги материаллар берилиши керак» — дейди Улуғбек Маматхонов.

Май ойида марказда овоз ўтказмайдиган девор ҳамда шифтлар қилиш ва техник жиҳозлаш учун усталар туширилган. Аммо бу «Шароит Плюс»нинг ички маблағлари асосида амалга оширилмоқда. Маблағ тугаса, ишлар ҳам тўхтаб қолиш мумкин. Улуғбек Маматхонов «бир-икки танишлар ҳокимликдан кўмак олишни тавсия қилгани»ни айтади.

«Аммо ўзини таъминлай олмаган ОАВ мустақил ҳам бўла олмайди. Тўғри, ҳокимликдан ёрдам олиш ҳам осон эмас. Лекин шундай ёрдам берилган тақдирда ҳам биз бу йўлдан бормоқчи эмасмиз», — дейди у.

Тикув корхонаси

«Шароит Плюс» ногиронлиги бор аёл-қизларга тикувчиликни ўргатиш орқали уларнинг доимий бандлигини таъмишлашга ҳисса қўшмоқчи. Бунинг учун грант маблағлари ҳисобига тикув машиналари харид қилиб, тикув хонаси жиҳозланган. «Ҳунарманд» уюшмаси билан ҳамкорликда ташкил этилган бепул курслар бир йил давом этиб, қатнашчиларини реал иш билан ҳам таъминлаб бориши кўзда тутилган (аллақачон дастлабки буюртмалар ҳам тайёрлаб берилган).

Тикув корхонаси билан таништириш жараёни. Столда курс ўқувчилари томонидан тайёрланган буюртмалар — шопперлар. Фото: Gazeta / Мумтозбегим.Тикув корхонаси билан таништириш жараёни. Столда курс ўқувчилари томонидан тайёрланган буюртмалар — шопперлар. Фото: Gazeta / Мумтозбегим.

«Биз ногиронлиги борларга бепул озиқ-овқат тарқатиб, бир марталик ёрдам беришдан қочамиз. Чунки у ўз номи билан бир марталик. Биз уларга меҳнат қилишлари учун шароит яратамиз, ҳунар ўргатамиз ва бандлигини таъминлаб, иш ҳақи тўлаймиз. Хоҳласа, мустақил тикувчи бўлиб алоҳида чиқиб кетишлари ёки шу ерда ишларни давом эттиришлари мумкин», — дейди Улуғбек Маматхонов.

Тикув корхонаси. Фото: Gazeta / Мумтозбегим.Тикув корхонаси. Фото: Gazeta / Мумтозбегим.

«Энг яхши ёрдам — давомли буюртма. Қатнашчилар ишга қизиқишини йўқотмаслиги учун узлуксиз топшириқлар керак. Аммо ҳозир жамоа тўлиқ шаклланмаган — курс ҳақидаги эълонимизга асосан офисимиз яқинида, Юнусободда яшовчи 10 га яқин хотин-қиз номзод бўлиб келди. Шунинг учун катта буюртмаларга улгурмаслигимиз мумкин. Буюртмани ўз вақтида ва сифатли бажаролмасак, мижозни йўқотамиз. Қилаётган ишимизга ишонамиз — аста-секин молиявий барқарорликка ҳам эришамиз. Аммо дастлабки босқичда ёрдамга таянишга мажбурмиз», — дейди «Шароит Плюс» раҳбари Муҳаббат Раҳимова.

Муҳаббат Раҳимова. Фото: Gazeta / Мумтозбегим.Муҳаббат Раҳимова. Фото: Gazeta / Мумтозбегим.

Курслар инклюзив бўлиб, кейинчалик унда фақат ногиронлиги бор хотин-қизлар эмас, соғлом аёллар ва ҳатто эркаклар ҳам қатнашиши мумкин. Аммо тикувчилик курси ҳозирча, юқорида таъкидланганидек, молиявий жиҳатдан барқарор эмас. Материал харажатлари, коммунал тўловлар ва бошқа эҳтиёжлар давомли қўллаб-қувватловни талаб қилади.

«Шароит Плюс»нинг бошқа лойиҳалари

Брайл принтерларига эга босмахона

«Шароит Плюс»нинг «Прахис Плюс» номли ижтимоий корхонаси бор. Ундаги Брайл принтерларига эга босмахонада кўзи ожизлар учун дафтар, китоблар ишлаб чиқарилади. Қолаверса, халқаро ташкилотлар ногиронлик мавзусида бўлиб ўтадиган тадбир, конференция ва семинарларида иш материалларини Брайл форматига ўгириш бўйича босмахона билан ҳамкорлик қилиб келяпти.

Улуғбек Маматхонов брайл босмахона билан таништирмоқда. Фото: Gazeta / Мумтозбегим.Улуғбек Маматхонов брайл босмахона билан таништирмоқда. Фото: Gazeta / Мумтозбегим.

Коворкинг маркази

Ташкилот офисида Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг ёрдамида компьютерлар билан жиҳозланган коворкинг маркази ҳам очилган. Бу ерда ногирoнлиги бўлган шахслар компьютер билан боғлиқ эҳтиёжларини қондиришлари мумкин.

«Шароит Плюс» 2024 йилда «Ногиронлиги бўлган ёшлар учун креатив индустрия йўналишларида касб-ҳунар курсларини ташкил этиш» лойиҳасини амалга оширган. Лойиҳа доирасида фотография, SMM, видеомонтаж курслари очилиб, уларнинг ҳар бирида 10 нафардан ногиронлиги бор шахс ўқиб чиққан, лойиҳа сўнггида уларнинг баъзилари иш ҳам бошлаб улгурган эди. Курсларнинг амалий машғулотлари айнан коворкинг марказидаги компьютерлар ёрдамида олиб борилган.

Ҳуқуқий маслаҳатлар платформаси

Hогиронлик мавзусида ҳуқуқий саводхонликни ошириш учун «Ҳуқуқ Плюс» номли махсус платформа ишлаб чиқилган. Унда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида керакли билим ва тажрибага эга бўлган юристлар ҳуқуқий материаллар ва маслаҳатлар тақдим қилади.

Медиа лойиҳалар

Ногиронлиги бўлган шахсларни қизиқтирган ҳуқуқий масалалар, мавжуд муаммолар ва янгиликлар муҳокама қилинадиган «Шароит Плюс» подкастида давлат, нодавлат ва хусусий сектор вакиллари иштирок этиб, ўз соҳаларида инклюзия масалалари қандай ҳал этилаётгани ҳақида фикр билдиради. Подкаст жонли учрашув форматига яқин бўлиб, тингловчиларга сайёр қабул муҳитини яратиши мумкин.

«Китоб Плюс» лойиҳаси эса кўриш бўйича ногиронлиги бўлган шахслар учун бепул онлайн кутубхона ва аудиокутубхона вазифасини бажаради. 2025 йил март ойи охирида платформадаги китоблар сони 1000 тага етди. Лойиҳа ташаббускорлари уни ҳар бир инсоннинг билим олиш ҳуқуқи ва ахборотга тенглик асосида кириш имкониятига эга бўлиши учун ташланган қадамлардан бири, дея эътироф этади.

Шароитлар мониторинги

Ташкилот жамоатчилик назоратининг бир қисми ўлароқ турли объектлар ва хизмат кўрсатиш муассасаларида ногиронлиги бўлган шахслар учун яратилган шароитларни ўрганади. Улар мониторинг жараёнида аниқланган камчиликларни ёритиб, муаммоларни бартараф этиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқади. Ташкилот мониторинглари билан унинг YouTube саҳифасида танишишингиз мумкин.

Мустақил яшашга йўналтириш

Ногиронлик ҳолатига тушиб қолган шахслар кўпинча руҳий қийинчиликларга дуч келишади. «Шароит Плюс» бундай инсонларга ногиронликни қабул қилиш, янги ҳаёт шароитига мослашиш ва мустақил яшаш бўйича тренинглар ўтказиб, инсонларга янги имкониятлар яратишда ёрдам беради.

Ногиронлик ва инклюзия бўйича тренинглар

Иш жараёнида инклюзив муҳит яратиш кераклиги ҳақида кўп гапирилади, аммо иш берувчилар амалий жиҳатдан қандай йўл тутишни ҳар доим билмаслиги мумкин. «Шароит Плюс» бу борада ҳуқуқий, норматив ва этик масалаларда чуқур тушунча бериб, инклюзивликни нафақат қонунчиликка, балки амалиётга ҳам жорий қилиш учун интерактив ва ҳаётий тажрибага асосланган тренинглар ташкил этади. Жумладан, шу вақтга қадар, 20 дан ортиқ тренинглар ўтказилган бўлиб, уларнинг ҳар бирида 10 дан ортиқ иш берувчилар иштирок этган.

«Шароит Плюс» фаолиятини қўллаб-қувватлашни хоҳловчилар қуйидаги манзилларга боғланишлари мумкин:

Emal: info@sharoitplus.uz

Манзил: 100114, Тошкент шаҳар, Юнусобод тумани, Хиёбон кўчаси, 22-уй.

Телефон: +998 (55) 500−50−60

Шунингдек, ташкилот сайтида хайрия қилиш учун махсус саҳифа ҳам бор.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *