Ўзбекистон пойтахтида ўтаётган Тошкент халқаро инвестиция форуми (ТИИФ) бугунги кунда мамлакатимизнинг Марказий Осиёдаги муҳим воқеаларидан бирига айланди. Бундай платформа халқаро иқтисодий дипломатияни ривожлантириш, ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва кенгайтиришнинг самарали майдончаси сифатида катта аҳамият касб этмоқда. Форумнинг кенг қамрови ва иштирокчилар таркиби мамлакатимизни тез ривожланаётган инвестициявий минтақа сифатидаги имижини янада мустаҳкамламоқда.
Биринчидан, бу йилги форум аввалгиларидан иштирокчилар сони ва географияси кенгайгани билан фарқланади. Жумладан, Словакия ва Болгария етакчилари, Марказий Осиё давлатларининг расмий делегациялари форумда қатнашмоқда.
Иккинчидан, форумда етакчи халқаро инвесторлар, давлат ташкилотлари, молия институтлари ва бизнес вакиллари иштирок этмоқда. Бу эса инвестиция муҳокамаларида юқори даражадаги профессионал муҳитни шакллантирмоқда.
Учинчидан, жорий форумда 8 000 дан ортиқ иштирокчи қатнашмоқда, улар орасида 100 га яқин давлатдан 3 000 га яқин хорижий меҳмонлар ҳам бор.
Тўртинчидан, форумнинг барча йиғилишлари интернет ва ижтимоий тармоқларда жонли ёритиб борилмоқда. Шунингдек, 114 мамлакатдан 31 та аккредитациядан ўтган журналистлар ва ОАВ вакиллари томонидан кенг ёритилмоқда. Дунё ОАВ орасида CNN (АҚШ), Euronews (ЕИ), The Guardian (Буюк Британия), ZDF (Германия), Al Jazeera (Қатар), The Diplomat журнали (Нидерландия), EU Reporter (Белгия), Daily Times (Покистон), Doha News (Қатар) каби етакчи манбалар ҳам форум ҳақида тўғридан тўғри ахборот тарқатмоқда.
Бешинчидан, форум доирасида умумий қиймати 30 миллиард доллардан ортиқ инвестиция лойиҳалари халқаро ҳамжамиятга тақдим этилмоқда. Энергетика, инфратузилма, қишлоқ хўжалиги, тоғ-кон саноати, рақамли технологиялар каби соҳаларда очиқ ва манфаатли мулоқотлар олиб борилмоқда.
Олтинчидан, бундай форматдаги мулоқотлар халқимизга яқинлашмоқда. Оддий фуқаролар, айниқса ёшлар, мазкур жараёнларга фаол жалб этилаяпти. Форум яратиб берган имкониятлар орқали ўз бизнесини бошлаш, кенгайтириш, янги ҳамкорлар ва сармоячилар топиш имкониятлари очилмоқда.
Шунингдек, янги иш ўринлари яратилиши, тадбиркорлик имкониятларининг кенгайиши ва маҳсулот ҳамда хизматлар сифати яхшиланиши учун замин яратилмоқда.
Дастлабки хулоса сифатида таъкидлаш мумкинки, форумнинг ижтимоий тармоқларда кенг ёритилиши ва фойдаланувчиларнинг фахр ва ифтихор билан муносабат билдириши кузатилмоқда. Шунингдек, халқаро ОАВдаги дастлабки баҳолар мамлакатимизнинг халқаро имижини янада кенгайтиришга хизмат қилаётганини кўрсатмоқда.
Яна бир муҳим жиҳат — ҳозирги мураккаб геосиёсий шароитда объектив маълумотларга эга бўлиш ҳар бир киши учун жуда муҳим. Форумнинг очиқ ва оператив ёритилиши эса Ўзбекистоннинг халқаро ва минтақавий инвесторлар учун очиқ, прагматик ва ишончли инвестиция муҳитига эга эканини яна бир бор намоён қилмоқда. Бу жараёнлар мамлакатимиз иқтисодий барқарорлигини ва халқаро мавқеини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Сайфиддин Жўраев,
профессор, сиёсий фанлар доктори.