Россия қўшинлари 10 июнга ўтар кечаси Киев ва Одессага дронлар билан йирик зарбалар берди, деб хабар берди Украина ҳукумати.
Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари маълумотларига кўра, Россия Украинага 7 та ракета ва 315 та дрон учирган. «Ҳаво ҳужумидан мудофаа томонидан душманнинг 284 та ҳаво ҳужуми воситаси зарарсизлантирилди, 220 таси ўт очиш воситалари билан уриб туширилди, 64 таси йўқолган», — дейилади хабарда.
Бу кеча зарбанинг асосий йўналиши Киев бўлди, дея аниқлик киритди Ҳарбий-ҳаво кучлари.
Ҳужум оқибатида Киевнинг етти тумани зарар кўрган. «Кўп қаватли уйлар ва хусусий уйларда қисман вайронагарчилик ва ёнғинлар бўлди. Автомобиллар ва омборхоналар ёниб кетди», — деди Киев шаҳри ҳарбий маъмурияти раҳбари Тимур Ткаченко.
Тўрт киши яраланган, улар касалхонага ётқизилган, дея қўшимча қилди маъмурият.
Одесса вилояти прокуратураси Одессада дронларнинг тунги зарбаси оқибатида икки эркак ҳалок бўлгани, тўққиз киши жароҳатланганини маълум қилди. Вазирлик маълумотларига кўра, шаҳарга 10 дан ортиқ дрон ҳужум қилган, марказий кўчалар зарбага учраган.
«Уй-жойлар, туғуруқхона биноси, тез тиббий ёрдам станцияси, хусусий тиббиёт клиникаси, спорт мажмуаси, ҳайвонот боғи, темирйўл вокзали биноси, шунингдек, фуқароларнинг автомобиллари шикастланган», — дейилади хабарда.
Одессага берилган зарбалар оқибатлари. Фото: Одесса вилояти прокуратураси, «Суспільне Одеса».
Украина президенти Владимир Зеленский Киевга тунги зарбани сўнгги вақтлардаги энг кенг кўламли зарбалардан бири деб атади. «Россия зарбалари АҚШ ва бошқаларнинг Россияни тинчликка мажбурлашга уринишларидан кучлироқ», — деди у.
Сешанбага ўтар кечаси берилган зарбалар 9 июнга ўтар кечаси Россия қўшинлари Украина шаҳарларига 479 та дрон ва 20 та ракета учирган Россия дронларининг Украинага энг йирик ҳужумидан кейин амалга оширилди, деб ёзди Reuters.
Россия томони Киев ва Одессага берилган зарбаларни изоҳламади. Россия Мудофаа вазирлиги бир кечада 11 та ҳудудда, жумладан, Москва шаҳрида 102 та Украина дрони уриб туширилганини маълум қилди. Хабарда зарар ҳақида маълумот берилмаган.