• Вт. Июн 17th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

АҚШ ҳукумати Лос Анжелесга 700 нафар денгиз пиёдаси ва яна 2000 нафар Миллий гвардия ходимини юборди


Пентагон 700 нафар денгиз пиёдаларини бир неча кундан бери иммиграция рейдларига қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтаётган Лос Анжелесга юборди, деб ёзмоқда New York Times. АҚШ президенти Дональд Трамп, шунингдек, шаҳарга яна 2000 нафар Миллий гвардия аскарини жойлаштиришни буюрди.

АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсет 700 нафар денгиз пиёдаларини юбориш учун асос сифатида «федерал ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ва федерал биноларга таҳдидлар кучайганини» келтирди. «Биз ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини ҳимоя қилишга мажбурмиз — ҳатто [Калифорния губернатори] Гэвин Ньюсом буни қилмаса ҳам», — деб ёзди Ҳегсет Х ижтимоий тармоғида.

Reuters`нинг қайд этишича, денгиз пиёдаларининг жойлаштирилиши ҳарбий кучнинг фавқулодда қўлланиши ҳисобланади ва бу минтақавий ҳамда маҳаллий ҳокимият органларининг эътирозларига қарамай, улар ёрдам сўрамаган бўлсалар-да, амалга оширилмоқда.

Миллий гвардиянинг қўшимча кучлари аллақачон юборилган 2000 аскарга қўшилади. Пентагон қарорни «президент буйруғи» билан изоҳлади.

«Президент буйруғи билан Мудофаа вазирлиги федерал ҳуқуқ-тартибот идоралари ўз вазифаларини хавфсиз бажаришлари учун ICE [Иммиграция ва божхона полицияси]ни қўллаб-қувватлаш учун федерал хизматга чақириладиган яна 2000 нафар ходимни сафарбар қилмоқда», — деди Пентагон матбуот котиби Шон Парнелл.

Умумий ҳисобда Лос Анжелесга 4700 нафар ҳарбий хизматчи юборилди.

Калифорния губернатори Гэвин Ньюсом миллий гвардиячилар ва денгиз пиёдаларининг юборилишини танқид қилди. Унинг сўзларига кўра, юборилган дастлабки 2000 нафар Миллий гвардия аскаридан атиги 300 нафари жалб қилинган, қолганлари эса федерал биноларда «озиқ-овқатсиз ва сувсиз» ўтирибди.

«Бу жамоат хавфсизлиги масаласи эмас. Бу президентнинг хавфли эгосига эрк беришдир. Бу — ақлсизлик. Маъносиз. Ва бу кучларимизга нисбатан ҳурматсизликдир», — деб ёзди Ньюсом Х да.

Ньюсом, шунингдек, Калифорния штати Миллий гвардия қўшинларини жойлаштириш тўғрисидаги қарор туфайли Трамп маъмуриятига қарши даъво қўзғатганини эълон қилди. «Президент Трамп қонуний ижро ҳокимияти чегараларини ошиб ўтиш учун бир неча бор фавқулодда чораларга мурожаат қилган. 7 июнь, шанба куни у маҳаллий ҳокимият назорати остидаги норозилик намойишидан фойдаланиб, яна бир бор мисли кўрилмаган ҳокимият эгалланишини амалга оширди. Бу сафар у Калифорния штати суверенитетига путур етказиш ва губернаторнинг штат Миллий гвардияси бош қўмондони сифатидаги нуфузи ҳамда вазифасига зид равишда ҳаракат қилди», — дея таъкидланади шикоятда.

  • Лос Анжелесда иммиграция сиёсатига қарши оммавий норозилик намойишлари 6 июндан буён давом этмоқда. Улар иммиграция рейдларига жавобан бошланиб, намойишчилар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ўртасидаги тўқнашувларга айланиб кетди. 7 июнь куни Трамп митингларни тарқатиш учун Миллий гвардия аскарларини жалб қилишни буюрди. Ньюсом бу қадамни «мақсадли тарзда ғазаб уйғотувчи» деб атади.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *