Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 10 июнь куни бўлиб ўтган IV Тошкент халқаро инвестиция форумининг ялпи мажлисида барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар ўзаро ҳамкорликни кучайтириши лозим бўлган тўртта асосий йўналишни белгилаб берди.
«Яшил» иқтисодиёт
«Бугун дунё иқтисодиёти янги давр ва ўзгаришлар остонасида турганини барчамиз яхши тушунамиз. Бу эса барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатларни қуйидаги тўртта йўналишда ҳамкорликда ишлашга ундамоқда. Биринчидан, „яшил“ иқтисодиёт моделига ўтиш», — деди Мирзиёев.
Унинг маълум қилишича, қисқа вақт ичида яшил энергетикани ривожлантиришга қарийб 6 миллиард доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилинган. «Электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 59 миллиарддан 82 миллиард киловатт-соатга етди. Кейинги беш йилда бу кўрсаткич 120 миллиард киловатт-соатдан ошиб, „яшил“ энергия улуши 54 фоизга етади», — деди президент.
Унга кўра, электр тармоқларини янгилаш учун яна 4 миллиард доллар сармоя киритилади. Жорий йилда Самарқанд электр тармоқлари, келгуси йилда эса яна саккизта ҳудудда хусусий бошқарувга ўтказилади.
Президент, шунингдек, мамлакатда «яшил» сертификат ва углерод бирликлари сотилишини эълон қилди. «Шу йил глобал углерод бозорларига қўшилиб, „Яшил Ўзбекистон“ иқлим инвестициялари платформасини яратамиз», — деди у.
Рақамли технологиялар ва сунъий интеллект
Президент номини тилга олган иккинчи йўналиш — рақамли технологиялар ва сунъий интеллектни ривожлантириш. «Мамлакатимизда шу йилнинг ўзида IT экспорти 1 миллиард долларга етади. 2030 йилга бориб, бу кўрсаткични 5 карра ошириш учун салоҳиятимиз ҳам, имкониятимиз ҳам етарли», — деди Мирзиёев.
Унинг маълум қилишича, Ўзбекистон бир йил ичида СИга тайёрлик халқаро индексида 17 поғонага кўтарилган. «Келгуси йил „Булутли технологиялар“ миллий платформаси ишга тушади. Яқин беш йилда хусусий инвесторлар билан бирга қуввати 500 мегаваттдан зиёд 20 та „дата марказ“ барпо этамиз», — деди давлатимиз раҳбари.
Шунингдек, «бой тарихимиз, азалий қадриятларимиз ҳамда янги креатив ғояларни мужассам этган» миллий СИ модели ишлаб чиқилади. Кадрлар тайёрлаш доирасида «Бир миллион СИ етакчилари» лойиҳаси ишга туширилди.
«Ишончим комил, сизлар билан биргаликда Ўзбекистонни нуфузли IT ва Fintech хабига айлантирамиз», — деди президент.
Молиявий тизим
Президент кўрсатган учинчи йўналиш молия секторини ўзгартириш бўлди. «Биз яқинда Халқаро валюта жамғармаси ва Жаҳон банки билан бирга Ўзбекистон молия секторини илк бор комплекс баҳолашдан ўтказдик. Улар банк, молия, суғурта, капитал бозоридаги ислоҳотларимизни тўлиқ қўллаб-қувватлади», — деди у.
Кейинги ривожланиш босқичига олиб чиқиш учун Молиявий барқарорлик кенгаши тузилади, Марказий банк қошида киберхавфсизлик ва молиявий технологиялар платформалари яратилади. Президент суғурта соҳасида ислоҳотлар, Миллий қайта суғурта компанияси ва рақамли платформани ташкил этиш ҳақида ҳам маълум қилди.
«Стартаплар учун муқобил молиявий инструмент — венчурлар бизда тез ривожланиб боряпти. Мисол учун, ўтган йили 2 та стартап компаниямизнинг қиймати илк бор 1 миллиард доллардан ошди. Бундай компанияларни албатта кўпайтирамиз», — деб ваъда берди у.
Шу муносабат билан Мирзиёев «Муқобил инвестиция жамғармалари тўғрисида»ги қонун ишлаб чиқилишини маълум қилди. Келгуси беш йилда корхоналар ва бошқа муқобил инвестициялар ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш кўзда тутилган.
Минерал ресурслар
Тўртинчи йўналиш — технологик фойдали қазилмаларни қайта ишлаш. ««Тўртинчи саноат инқилоби» «технологик минераллар»га талабни бир неча карра кўпайтирмоқда. Ўзбекистонда вольфрам, молибден, магний, литий, графит, ванадий, титан ва бошқа минералларнинг катта захираси аниқланган. Умуман, ер ости бойликларимизнинг салоҳияти 3 триллион долларга баҳоланмоқда», — деди Мирзиёев.
У Ўзбекистон юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича минтақавий марказга айланиш ниятида эканини таъкидлади. Шу мақсадда Тошкент ва Самарқанд вилоятларида «Келажак металлари технопарки» ташкил этилмоқда.
«Бу соҳада геология-қидирув ишларидан бошлаб, тайёр маҳсулот занжирини йўлга қўйган инвесторларга ўн йил давомида рента солиғи қайтариб берилади», — деди у.
ЖСТга аъзолик — 2026 йилда
Президент Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнини келаси йилда якунлаш ниятида эканини айтди.
«Биз „Янги Ўзбекистон — инвестициялар учун катта имкониятлар мамлакати“ деган тамойилни амалий натижаларга айлантириш мақсадида барча чораларни кўряпмиз», — деди Мирзиёев.
«Глобал ишлаб чиқариш занжирларида ҳар бир давлат учун тенг шароитни таъминлайдиган ишончли қоидалар бўлиши шарт ва зарур. Ҳеч шубҳасиз, бу борада Жаҳон савдо ташкилотининг алоҳида ўрни бор. Шу боис, келгуси йилда ушбу ташкилотнинг аъзосига айланиш бўйича олдимизга мақсад қўйганмиз», — деди президент.
Унинг қўшимча қилишича, ўнлаб қонунлар ва юзлаб стандартлар аллақачон халқаро талабларга мослаштирилган ва бу иш йил охиригача якунланади.
Миллий режим ва инвестициялар ҳимояси
Мирзиёев хорижий инвесторлар учун шарт-шароитларни яхшилаш бўйича янги чора-тадбирларни ҳам маълум қилди.
«Маҳаллий компаниялар билан бир хил шароитларни кафолатловчи „миллий режим“ жорий қилинади, давлат органлари билан муносабатга киришишда „ягона дарча“ тамойили татбиқ этилиши белгиланди, инвестиция фаолиятини ортиқча текширувлардан кафолатли ҳимоялаш тизими яратилади», — деди у.
Мақсад, президентнинг сўзларига кўра, 2030 йилга бориб мамлакатни инвестицион кредит рейтинги даражасига етказиш.
Давлат корхоналарини хусусийлаштириш ва IPO
Президент давлат активларини хусусийлаштириш стратегиясини ҳам тақдим этди:
«Биз давлат компанияларини хусусийлаштиришда уларни юртимиз фаровонлигига хизмат қилувчи йирик активларга айлантириш йўлини танлаганмиз», — деди у.
У 2 миллиард долларга яқин 18 та компания ва банкдаги давлат мулкини бирлаштирган Миллий инвестиция жамғармаси ташкил этилишини маълум қилди. Жамғарма бошқаруви халқаро Franklin Templeton компаниясига ўтказилди.
«Келгуси йилнинг ўзида жамғарманинг акциялар пакети халқаро IPO’га чиқарилади», — деди Мирзиёев. Унга кўра, икки йил ичида халқаро консультантлар жалб қилган ҳолда яна 29 та йирик давлат корхонаси хусусийлаштирилади.
Логистикани ривожлантириш ва «Янги Тошкент» лойиҳаси
Давлат раҳбари транспорт ва логистикани «иқтисоднинг қон томири» деб атади.
«Бу соҳага ҳам хусусий капитални фаол жалб қилмоқдамиз. Биргина мисол, Самарқанд, Наманган, Бухоро ва Урганч халқаро аэропортлари давлат-хусусий шериклик асосида салоҳиятли инвесторлар бошқарувига берилди. Урганч аэропорти бошқарувига дунёнинг етакчи Incheon компанияси жалб қилинди. Келгуси йилда Нукус, Термиз, Фарғона, Навоий аэропортлари бўйича ҳам тендерлар ўтказамиз», — деди у.
У янги шаҳар — Янги Тошкент лойиҳасига алоҳида эътибор қаратди:
«пойтахтимизда яшаб ва ишлаётган аҳоли сони 5 миллиондан ошди. Шу боис, 2 миллион аҳолига мўлжалланган „Янги Тошкент“ шаҳрини барпо этиб, пойтахтни мегаполисга айлантирамиз», — деди президент.
Йилига 20 миллион йўловчи ташиш имкониятига эга мультимодал транспорт ҳаби, савдо-молия марказларини яратиш режалаштирилган. Мирзиёев халқаро банклар ва инвесторларни мегалойиҳани амалга оширишда иштирок этишга таклиф қилди.
«Инвестициялар ва савдо учун ягона макон» тушунчаси
Президент «очиқ ва дўстона сиёсат» туфайли минтақада янги муҳит яратилганини таъкидлади.
«Саккиз йилда қўшниларимиз билан товар айланмаси ҳажми 3,5 баробардан зиёд ошиб, қарийб 13 миллиард долларга етди», — деди у.
У Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон темирйўли қурилиши бошланганини, йирик энергетика ва инфратузилма лойиҳалари тайёрланаётганини эслатди.
«Биз Марказий Осиёда «Инвестиция ва савдо учун яхлит ҳудуд концепцияси»ни илгари суришни таклиф қиламиз», — деди у ва халқаро ташкилотларга мурожаатида:
«Минтақавий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун янги молиявий механизмларни йўлга қўйиш вақти келди. Биргаликда ҳаракат қилсак, Марказий Осиёни тинчлик ва тараққиёт маконига айлантирамиз», — деди Шавкат Мирзиёев.