Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси ЖЧ-2026 саралаш турнирининг финал учрашувида Қатарни мағлуб этди. 10 июнь куни Тошкентдаги «Бунёдкор» стадионида бўлиб ўтган учрашув 3:0 ҳисобида якунланди.
Ҳисобни асосий таркибда майдонга тушган ҳужумкор ярим ҳимоячи Азиз Турғунбоев очди. 28-дақиқада у икки рақибини алдаб ўтиб, жарима майдончаси ичига кириб борди ва дарвоза тўсини остига қаттиқ зарба берди.
86-дақиқада жамоа сардори Элдор Шомуродов ўзини кўрсатди. У Жамшид Искандеровнинг узатмасидан кейин жарима майдончаси ичида тўпни қабул қилиб олди ва Қатар дарвозасига йўллади.
90+1-дақиқада ҳужумчи Игор Сергеев захирадан майдонга тушди ва орадан бир дақиқа ўтиб бурчакдан ошириб берилган тўпдан сўнг гол урди ва ҳисобни йириклаштирди. Искандеров иккинчи голли узатмани амалга оширди.
Эслатиб ўтамиз, 5 июнь куни футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси БАА билан ўйинда 0:0 ҳисобида дуранг ўйнаб, ўз тарихида илк бор жаҳон чемпионатига йўлланма олди.
Қатарликларга қарши ўйин учун шоу ва терма жамоа футболчиларини тақдирлаш маросими режалаштирилган эди. Учрашув олдидан футбол ассоциацияси президенти Баҳодир Қурбонов ва спорт вазири Адҳам Икромов жамоа мутахассисларига медалларни топширди. Учрашувдан сўнг давлат раҳбарининг шахсан ўзи футболчиларга автомобиллар калити ва мукофотларни тақдим этди.
Ўзбекистон терма жамоаси 2026 йилда АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатининг саккизинчи иштирокчисига айланди. Бу миллий терма жамоанинг 1991 йилда мустақилликка эришганидан сўнг жаҳон чемпионатидаги илк иштироки бўлади.
Ўзбекистоннинг иккинчи голидан кейин Шавкат Мирзиёев ва унинг оиласининг муносабати.
Учрашувда президент Шавкат Мирзиёев, Словакия бош вазири Роберт Фицо ва Болгария президенти Румен Радев ҳам иштирок этди.