• Вс. Июн 15th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Дубайда дунёдаги энг баланд метро бекати қурилади  — Дарё Янгиликлари


Дубайда Мовий чизиқни кенгайтириш доирасида дунёдаги энг баланд метро бекати барпо этилади. Dubai Creek Harbor ҳудудида жойлашадиган бекат Emaar Properties Station деб номланиб, ҳайратланарли 74 метр баландликка кўтарилади. Бу ҳақда Khaleej Times нашри хабар бермоқда.

Фото: Khaleej Times

Маълум қилинишича, бекатни Бурж Халифа лойиҳасининг ҳам муаллифи бўлган америкалик Skidmore, Owings & Merrill архитектура компанияси лойиҳалаштирган. Уларнинг Emaar Properties бекати лойиҳаси “кесишувчи дарвозалар” ғоясидан илҳом олиб, 11 минг квадрат метр майдонни эгаллайди ва кунига 160 минггача йўловчини қабул қила олади.

Фото: Khaleej Times

Мовий чизиқ учта ўтиш бекати орқали мавжуд Қизил ва Яшил метро чизиқларига уланиб, шаҳарнинг транспорт қулайлигини оширишга хизмат қилади. 2029 йилда ишга туширилгандан сўнг, у Академик шаҳар, Ал-Варка, Дубайнинг Силикон водийси, Халқаро шаҳар ва Мирдиф каби асосий турар жой ва бизнес марказларига кириш имконини беради.

Фото: Khaleej Times

Дубай метроси Форс кўрфази мамлакатларидаги биринчи ўта замонавий, дунёдаги энг узун, тўлиқ автоматлаштирилган ва ҳайдовчисиз тезюрар поездлар тармоғи ҳисобланади. Бундан ташқари, у арзон ва қулай ҳаракатланиш усули бўлиб, мегаполиснинг барча диққатга сазовор жойларига қулай саёҳатларни таъминлайди. Ҳар ойда 5 миллион сайёҳ ва маҳаллий аҳоли тезюрар поездлар хизматидан фойдаланади.

Метро тизими умумий узунлиги 75 км бўлган иккита линиядан иборат. Қизил линия Рашидиядан Жабал Алигача, асосан Шайх Заед шоссеси бўйлаб ўтади. Қисқароқ яшил линия эса қирғоқ бўйлаб халқаро аэропортнинг эркин иқтисодий зонасидан тарихий Дубай-Крик кўрфазигача чўзилган. Қизил ва яшил линиялар Унион ва Бур Жуман ўтиш бекатларида кесишади. Иккала линия ҳам Wi-Fi, жисмоний имконияти чекланган йўловчилар учун қулай кириш, автотураргоҳ ва банкоматлар хизматларини тақдим этади.

Дубай метроси 2009 йилда ишга туширилганидан бери узлуксиз ривожланиб келмоқда.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *