10 июнь куни соат 15:00 дан 16:00 га қадар Хоразм вилоятининг Қўшкўпир туманида эрта ёз учун ноёб ҳодиса — йирик дўл ёғиши кузатилди. Бу ҳақда ижтимоий тармоқларда фото ва видеолар пайдо бўлди. Кечқурун Ўзгидромет бу маълумотни тасдиқлади.

Қўшкўпир метеорология станцияси маълумотларига кўра, ёғингарчилик даражаси 6,8 мм.

Бу вақтда вилоятнинг Хива, Урганч, Янгиариқ ва Боғот туманларида ҳам кучли ёмғир ёғди.

Соат 16:20 да Жиззах вилояти Бахмал туманидаги Усмат қишлоғида кучли ёмғир ёғди. Соат 16:40 атрофида Зомин туманидаги Пишогар қишлоғида жала бошланди.

Зомин туманининг айрим ҳудудларида ёғингарчилик оқибатида сел оқими юзага келди.

Қурбонлар ҳақида маълумот йўқ.

Бир кун аввал Ўзгидромет 10−16 июнь кунлари тоғолди ва тоғли ҳудудларда ёғингарчилик туфайли Ўзбекистоннинг саккизта вилоятида сел ва сув тошқинлари содир бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирганди.