Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Москвадаги рейдлар чоғида чет эл фуқароларига нисбатан жисмоний куч ишлатилгани ҳақидаги хабарларга изоҳ сўраб Россия ташқи идорасига нота юборди, деб хабар берди ТИВ матбуот котиби Ахрор Бурханов.
10 июнь куни вазирликда Россия томони билан ҳар ой миграция масалалари бўйича ўтказиладиган навбатдаги учрашув ташкил этилган.
Унда ТИВ РФ ҳудудида айрим ҳолатларда Ўзбекистон фуқароларига нисбатан рухсатсиз текширувлар, ҳурматсизлик ва қўпол муомалалар кузатилаётгани тўғрисидаги хабарлар ташвиш уйғотаётганини таъкидлаган.
Бир кун аввал Москвада ОМОН ходимлари Мудофаа вазирлигининг Строгино туманидаги муассасаларидан бирида жойлашган меҳнат муҳожирлари ётоқхонасида «қаттиқ» рейд ўтказган. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари уларга қўпол муносабатда бўлган: эркакларни хоналаридан ҳайдаб чиқарган, секин ҳаракат қилганларни эса тепки ва шапалоқ билан туртиб чиқарган. Ёзувда муҳожирларга нисбатан ишлатилган ҳақоратли сўзларни ҳам эшитиш мумкин.
Учрашувда бундай ҳолатлар «мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабатларга асло тўғри келмаслиги, уларнинг олдини олиш учун аниқ чора-тадбирлар зарурлигига» эътибор қаратилган.
«Ўзбекистон Республикаси хорижда яшаётган ва вақтинча бўлиб турган фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни ўзининг устувор вазифаси деб билади. Ўзбекистон томони барча фуқароларга нисбатан халқаро ҳуқуқ ва инсон ҳуқуқларига риоя қилинишини таъминлашга чақиради», — деб таъкидлади ТИВ.
Идора масала юзасидан Москвадаги элчихона ҳам Россия томони билан тегишли дипломатик каналлар орқали мулоқот олиб бораётганини билдирди.
«Шу муносабат билан, Россия Федерациясининг тегишли идораларини Ўзбекистон фуқароларига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлиш, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситмасликка чақириб қоламиз», — дейилади хабарда.
Вазирликнинг хабар беришича, Ўзбекистон элчихонаси Москвадаги вазият юзасидан Россия ТИВга нота йўллаб, унга изоҳ бериш ва куч ишлатар ташкилот вакилларининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо беришни сўраган.
Нотада қайд этилишича, юзага келган вазият инсон ҳуқуқлари яққол бузилганидан далолат беради, буни эса қабул қилиб бўлмайди.
«Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ушбу масалани ўзининг доимий назоратида ушлаб туради ва керакли ҳолларда қўшимча чоралар кўришни давом эттиради», — дейилади вазирлик хулосасида.
Май ойи бошида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Россия элчиси билан учрашувда Россияда меҳнат муҳожирларининг ҳуқуқлари бузилиши ва уларга нисбатан қўпол муносабатда бўлиш ҳолатлари кўпайиб бораётгани масаласини кўтарганди.