Жанубий Корея ҳарбийлари икки давлат ўртасидаги «ишончни тиклаш» мақсадида Шимолий Корея билан чегарада овоз кучайтиргичлар орқали ташвиқот эшиттиришларини тўхтатди, деб хабар бермоқда Yonhap.

«Бу қарор Корея яриморолида корейслараро ишонч ва тинчликни тиклаш ҳақидаги ваъдани бажаришга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг бир қисми сифатида қабул қилинди», — дея агентлик штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси вакилидан иқтибос келтирди.

Сеул бир йил аввал Шимолий Корея чегара орқали чиқинди шарлари учирганига жавобан карнайларини қайта ишга туширганди. Эшиттиришлар ахборот дастурлари, чегара яқинидаги Шимолий Корея аскарларини Жанубий Кореяга қочиб кетишга чақириқлар ва Шимолий Кореяда тақиқланган кей-поп қўшиқларини ўз ичига олган. Сеулнинг айтишича, трансляциялар чегара орқали кундузи 10 км, кечаси эса 24 км гача эшитилади.

Жанубий Корея ҳарбийлари КХДР чиқинди шарларини юборишни тўхтатганини ҳам ҳисобга олди.

3 июнь куни Жанубий Кореяда муддатидан олдин президентлик сайлови бўлиб ўтди ва унда мухолифатдаги «Тобуро» демократик партияси номзоди Ли Чжэ Мён ғалаба қозонди. Кампания давомида у корейслараро муносабатларни яхшилаш учун антипхеньян варақалар тарқатиш ва овоз кучайтиргичли ташвиқотларни тўхтатишга ваъда берганди.