Янги Тошкент ҳудудида «Петербург маҳалласи» қуриш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Фото: Тошкент ҳокимлиги
12 июнь куни шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов Санкт Петербург губернатори ўринбосари Николай Линченко бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди. Музокаралар шаҳарсозлик ва шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш соҳасидаги ҳамкорлик истиқболларига бағишланди.
Томонлар қурилаётган шаҳар ҳудудида «Петербург маҳалласи» — «ҳудудлараро шериклик алоқаларини мустаҳкамлашнинг рамзи» бўлган турар жой ва жамоат майдонини яратиш лойиҳасига алоҳида эътибор қаратди.
«Томонлар қулай шаҳар муҳитини ривожлантириш, замонавий архитектура ечимларини жорий этиш ва аҳоли турмуш даражасини юксалтиришга қаратилган қўшма ташаббусларни амалга оширишда ўзаро манфаатдорлик билдирдилар», — дейилади хабарда.
Санкт Петербург вице-губернатори Николай Линченко бўлажак маҳалла ҳудудини кўздан кечиришда иштирок этганини хабар қилди. Унинг сўзларига кўра, лойиҳа «эски» Тошкентнинг шарқий қисмига туташ янги шаҳарнинг бир қисмига айланади ва Ўзбекистон томони билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган концепция доирасида амалга оширилади.
«Ҳозир ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан биргаликда ишлаб чиқилган концепция бўйича лойиҳани такомиллаштиришда давом этмоқдамиз. Биз маҳалла қурилишида Санкт Петербургнинг ноёб меъморчилиги ва диққатга сазовор жойларининг таниқли элементларидан фойдаланишни режалаштирмоқдамиз. „Санкт Петербург“ маҳалласи ҳудудидаги кўча ва йўл тармоғини инвестор яратади. Қурилишни бошлаш 2026 йилга мўлжалланган», — деди Линченко.
Унинг эслатишича, маҳаллани ташкил этишга петербурглик мутахассисларни жалб қилиш ташаббуси 2023 йилда бўлиб ўтган Санкт Петербург халқаро иқтисодий форумида илгари сурилган. Ўшандан бери томонлар ишчи гуруҳ тузиб, яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Лойиҳа Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Янги Тошкент шаҳрини қуриш дирекцияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
2023 йилнинг март ойида президент Янги Тошкент қурилиши бошланганини билдирувчи капсулани қўйганди. Шаҳарда 1 миллион киши яшаши кутилмоқда. У бу ерда давлат идоралари, олий ўқув юртлари ва бошқа объектлар жойлашишини таъкидлаган.
Ҳозирда вазирлик ва идоралар жойлашган бинолар ўрнида меҳмонхоналар, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари очиш режалаштирилган. «Тошкент замонавий туризм ва бизнес марказига айланади», — деганди давлат раҳбари ўшанда.