13 июнь куни Ўзбекистоннинг Эрондаги элчихонаси ушбу мамлакатда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига мурожаат билан чиқди.
Эрон атрофидаги вазиятнинг кескинлашиши, ракета отишмалари кутилиши муносабати билан Ўзбекистон элчихонаси Эрондаги Ўзбекистон фуқароларига хавфсизлик чораларига қатъий риоя қилишни, шунингдек, Эрон ҳукумати ва Ўзбекистон элчихонаси расмий хабарларини мунтазам равишда кузатиб боришни тавсия қилади.
Шунингдек, элчихона шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар ва Ўзбекистон элчихонасининг алоқа маълумотларини доимо бирга олиб юриш кераклигини қайд этган.
Шошилинч ёрдам ёки маслаҳат керак бўлса, Ўзбекистоннинг Теҳрондаги элчихонасига қуйидаги телефонлар орқали мурожаат қилиш мумкин: 22299780, 22832025
Электрон почта: iri.uzembassy@mfa.uz
Аввалроқ, Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси ушбу мамлакатда истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқароларига огоҳлантириш билан чиққанди.
- 13 июнга ўтар кечаси Исроил кучлари «Эрон режимининг давом этаётган тажовузига жавоб» сифатида унинг бир қанча ҳарбий объектларига, жумладан, ядровий дастури билан боғлиқларига зарба берди. Нетаньяҳу «мисли кўрилмаган» ҳарбий операция бошланганини эълон қилди. Мамлакатнинг ҳаво ҳудуди ёпиқ. Эрон ҳам ўз ҳаво ҳудудини ёпган.
- Авиазарбалар оқибатида Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) бош қўмондони Ҳусайн Саламий ҳалок бўлди. Шунингдек, Эрон қуролли кучлари қўмондони ўринбосари, икки ядрочи олим ва ўн нафар тинч аҳоли ҳам ҳалок бўлган.