Yandex Uzbekistan’нинг ҳукумат билан алоқалар бўйича директори Сардор Қодиров таксистлар фаолияти билан боғлиқ янги тартиб туфайли Тошкент шаҳрининг ўзида 23 минг ҳайдовчи ишсиз қолиши мумкинлигини таъкидлади. Бу ҳақда у ўзининг Telegram каналида ёзди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда такси ҳайдовчилари фақат ўз ҳудуди ва унга туташ ҳудудларда ишлаши мумкинлигини назарда тутувчи чекловлар қўллана бошлангани ҳақида хабар берилганди.

Сардор Қодировнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда 1 млнга яқин ҳайдовчи бор. Бу эса иш ўрни, барқарор даромад ва одамларнинг тирикчилигини англатади. 2 апрелдан кучга кирган янги тартиб туфайли эса биргина пойтахтнинг ўзида 23 000 ҳайдовчи ишсиз қолиши мумкин.

«Бу қарорга қандай асос келтирилганини тахмин қилингчи? Мантиқли жавобларни кутманг! Тирбандликни камайтиради, дейишмоқда. Аммо бу хато. Тошкент кўчаларида бир вақтда 900 мингга яқин машина [ҳаракатланади], уларнинг атиги 12−30 минг таси — такси, 2 минг таси — автобус. Такси — шахсий автомобилга нисбатан 3 баробар самаралироқ транспорт. Уни камайтириш тирбандликни эмас, ёлғиз юрадиган машиналар сонини оширади», — деб ёзган у.

Сардор Қодиров, шунингдек, такси Ўзбекистонда биринчи марта тўлиқ рақамлаштирилган ва легаллаштирилган касб эканини қўшимча қилган.

«Солиқ, назорат ва хавфсизлик бўйича реал ютуқ эди. Энди эса энг очиқ ва „тоза“ сектордан чекловлар бошланяпти. Бу ўша даврга қайтармасмикан бизни?», — дея савол қўйган у.

Аввалроқ Ўзбекистон Халқ демократик партияси йўналишсиз такси фаолиятига қўйилган ҳудудий чекловлар конституцияга зид эканини таъкидлаганди. Фракция бу бўйича транспорт вазиридан расмий тушунтириш сўраб сўров юборди. Шунингдек, транспорт соҳасидаги муаммолар муҳокамаси доирасида вазир ҳукумат соатига чақирилди.