• Пт. Июл 11th, 2025

Дунё ўзбеклари

Журналист Исмат Хушевнинг мустақил интернет-газетаси

Шаҳло Зоирова пулга зор кунлари ва турмуш ўртоғини оммага кўрсатмаслиги сабаби ҳақида гапирди


Комик актриса ва хонанда сифатида танилган Шаҳло Зоирова “Миллий” телеканалининг “Аёл қалби” кўрсатувида иштирок этиб, шахсий ҳаёти, ижодий фаолияти ва ёшлигидаги қийинчиликлар, саҳнага қадар босиб ўтган йўли ва оилавий бахти ҳақида гапирди.

Фото: Instagram

Санъат қалбимни забт этди

Шаҳло Зоирова Тошкент давлат ахборот технологиялари университети қошидаги академик лицейни тамомлаган, мутахассислиги эса математика ва физика бўлган. Бироқ дўстлари унинг санъатга бўлган мойиллигини илғаб, бу йўналишни танлашга ундаган.

Ўша вақтда санъатга ота-онам рухсат бермайди, деб қўрқардим. Дадам ҳуқуқшунос, юрист бўлишимни хоҳлаган. Шу сабабли ҳуқуқшуносликка топширдим, бироқ киролмадим. Ҳарбий божхона институтига ҳам топширдим, 4 балл етмай қолганида “ҳали бу жойга барибир келаман” деб йиғлаганман. Ҳозир эса санъат соҳаси орқали ўша орзумга етдим, дейди актриса.

У физика йўналишига таваккал қилиб ҳужжат топширган ва 1-ўрин билан грант асосида ўқишга қабул қилинган. Ўша вақтдан бошлаб омад унга кулиб боқишни бошлаган. Аммо бу йўл осон кечмаган.

“Уйга қайтиш учун автобусга пул тополмасдим, ётоқхонада қолардим”

Шаҳло Зоирова катта фарзанд сифатида оиласига моддий ёрдам беришга мажбур бўлган. У ҳатто автобусга пул тополмагани учун талабалик йилларини ётоқхонада ўтказган.

Ёшлигимдан оилавий қийинчиликларга кўникканман. 9-синфдалигимда онам менга ширин чойга нон тўғраб берарди. Мен кичкина бола эмасман-ку деб айтолмасдим. Отам ҳам, онам ҳам ишсиз қолганларида ўқиб, ишлаб, оиламни боқишга ҳаракат қилганман, эслайди актриса.

У бозорларда пирожки сотган, фаррошлик қилган, официантликдан кассирликка ўтган. Бу жараёнлар эса уни кучли, меҳнатсевар аёлга айлантирган.

Фото: Instagram

Ўқиб юрган вақтларимда, ҳадеб ётоқхонада туравераманми деб 3-4 та қизлар билан ижарада турганман квартирада. Бир куни хонадон эгаси уйида йўқолган нарсасини “сен олгансан, сен ўғирлагансан” деб туҳмат қилган. Шундан кейин уйга кетаман деб кўчада йиғлаб, уйқусираб ухлаб қолганман, дейди актриса

Шаҳло Зоированинг турмушга чиққанига 12 йил бўлди. У турмуш ўртоғининг доимий қўллаб-қувватлови сабаб санъат соҳасида ўз йўлини топа олди.

Мени машҳур бўлиш орзум учун қўллаб-қувватлаган инсон — турмуш ўртоғим. “Сенинг орзуларинг кўп экан, лекин ҳаммаси аста-секин бўлади”, деган. Менга продюсерлик қилган ҳам айнан у. Биринчи учрашувимизда қўшиқ айтиб берганман. “Роса кўп қобилиятларинг бор экан, буни ҳаммасини кўрсатиш керак”, деган турмуш ўртоғим, дейди ижодкор.

У бирга яшаш, келинлик вазифалари ва саҳна фаолиятини қандай уйғунлаштираётгани ҳақида сўз юритар экан, ҳар бир оилада келин-қайнона ўртасида кичик тушунмовчиликлар бўлиши мумкинлигини тан олади. Аммо сабр ва ҳурмат бу вазиятларда энг катта калит, дейди у. Чунки ёшлигида ота-онаси актрисага доим сабр қил, оғзингни юм, жим деб уқтириб келган. 

Қайнонамни биринчи кўрганимда роса ўзимга ўхшатганман. Бизни кўрганлар ҳам менга “роса онангизга ўхшар экансиз-а деганида, қайнонам бўлади” деб айтардим, дейди актриса.

Шаҳло мактаб даврида синфдошларининг кулгиси, моддий етишмовчилик, йўлкирага пул тополмай кўчада ухлашга мажбур бўлган кунларини ҳам эслаб ўтди. У бозорда пирожки сотган пайтларини “менинг шахсий бизнесим” деб атайди.

“Бошқаларнинг оёқ кийимини сўраб кийганман, ёлғон гапириб, жисмоний тарбияга керак деб олганман. Аслида эса ўзимда оёқ кийим йўқ эди. Мана шундай ҳолатларда ҳам ҳеч кимга дардимни айтмаганман, дейди у.

Бугунги Шаҳло Зоированинг ютуқлари айнан ўша оғир кунларда эгалланган сабр, меҳнат ва қатъият маҳсули.

Ким бўлишидан қатъи назар, хоҳ у мендан кучли инсон бўлсин, хоҳ ҳали танишмаган одам бўлсин — ҳаттоки изоҳлар остида ҳақорат қилса ҳам — мен ҳеч қачон “меники тўғри” демайман. Аксинча “сиз тўғри гапиряпсиз, раҳмат. Бу жойда айбимни тўғрилайман” деб айтаман. Муҳими — қалб поклиги, дейди у. 

Шаҳло Зоирова касби тақозоси билан доим омма эътиборида эканлиги ҳақида гапирди.

Эрталаб чиройли кийиниб чиқамиз, кечга бориб бош оғриб қолади. Турмуш ўртоғим “камроқ одамлар орасига чиқайлик, биз ҳаддан ортиқ чиройли оила кўринамиз. Назар, кўз деган нарса бор” дейди. 

Машҳурлик билан бирга келадиган муҳокамалар, нотўғри талқинлар Шаҳлони ҳеч қачон тушкунликка солмаган. У бу ҳолатларни тушуниб, сабр билан қарши олганини айтади:

Барибир таниқли бўлсангиз, сизни муҳокама қилишади. Баъзан бир оғиз сўзимни тескари талқин қилишади. Оиламни, турмуш ўртоғимни кўрсатмаслигим ҳам сабаб бўлади. Лекин мен ўзимдан яхши энергия тарқатишга ҳаракат қиламан. Муҳокама қилишларига ҳожат қолмасин, дейман.

Фото: Instagram

Ижоддаги тўсиқлар ва жамоадан кетиш

Шаҳло Зоирова жамоадан бекордан-бекорга кетмаганини айтади. У ҳар бир иши, роли, лойиҳасига меҳр билан ёндашган:

Санъатдан пул топиш, бу соҳада ўз ўрнингизни топиш осон эмас. Қийинчиликлар, танбеҳ, алдов, қизғаниш, ишончсизликлар жуда кўп экан. Айнан санъат соҳасида ҳаддан ортиқ экан. 

Зоирова кўз ёшларини ҳеч қачон омма олдида тўкмайди. Турмуш ўртоғи унга “Мен йўқ жойда ҳеч қачон йиғлама” деб айтади.

“Мен ўзимни босиб тураман, ичимдан йиғлайман. Лекин бу дунёда йиғламасликнинг иложи йўқ, дейди комик актриса. 

“Сабр ва шукр — икки калитим бор”

“Мен сабр қилдим. Кўп қийналдим, аммо ҳеч кимдан аламзада эмасман. Аллоҳ сабрим учун мени мукофотлади. Шунинг учун икки калитим бор: сабр ва шукр”, дейди Шаҳло.

Аёллигингизни унутманг. Ҳар қандай ҳолатда ҳам сабрли бўлинг, кучли бўлинг. Энг муҳими, ўзингизга ишонинг. Маслаҳатни эса аввало юрагингиздан эшитинг. Қандай вазият бўлмасин, табассумни унутманг, дея юракдан маслаҳат берди Шаҳло Зоирова.



Манба

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *