«Юксалиш» ҳаракати 2024 йил якунида аҳолини тоза ичимлик суви ва оқова сув билан таъминлаш бўйича белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши юзасидан жамоатчилик мониторингини ўтказди, деб хабар қилди ҳаракат матбуот хизмати.
Қайд этилишича, аҳолининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 2017 йилдаги 63,7 фоиздан 2024 йилда 81 фоизга етказилган. Бу даврда 9,0 минг кмдан ортиқ ичимлик суви тармоқлари жорий ва мукаммал таъмирланиб, ичимлик суви ишлаб чиқариш иншоотлари сони 2024 йил якунида 10 992 тага етган. 2017−2024 йилларда илк бор 9 млн аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланган.
Мониторинг доирасида республика бўйлаб 101 та маҳаллада давлат бюджети, маҳаллий бюджетлар ва халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши белгиланган 99 та лойиҳа танлов йўли билан ўрганилган.
«Ўзсувтаъминот» акциядорлик жамиятидан олинган маълумотларга кўра, 99 та объектдан 67 таси реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилган. Қолган 32 та лойиҳасида қурилиш-таъмирлаш ишлари давом эттирилмоқда.
23 тасида бажарилиши белгиланган ишлар тўлиқ амалга оширилмаган. Хусусан, Асака тумани «Эргашобод», «Олақанот» МФЙда, Шаҳрихон туманидаги «Бобочек» МФЙда қурилиш ишлари охирига етказилмай қолиб кетган.
Объектларни «номига» топшириш
Республикадаги 28 та маҳаллада лойиҳалар бўйича объектлар белгиланган муддатларда фойдаланишга топширилмаган ёки қурилиш ишлари тўлиқ якунланмасдан фойдаланишга топшириб юборилган. Жумладан, Наманган вилояти Чуст туманидаги «Янги Ўзбекистон» массиви «Фаровон» кўчасида янги қурилган кўп қаватли уйларнинг оқова сув тизимида монтаж ишлари якунига етказилмаган.
Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги «Ал-Хоразмий» турар-жой мажмуасида оқова сув тармоғи ётқизиш ва оқова сув иншоотида қурилиш ишлари якунланмасдан хонадонлар фойдаланишга топширилган.
Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги «Бахт», «Истиқлол», «Аҳиллик» маҳаллаларида оқова сув тармоқларини қуриш ишлари якунланиб, фойдаланишга топширилган бўлса-да, оқова сув тизими ишга тушмаган.
Қурилиш муддати ва сифатини бузиш
9 та маҳаллада қурилиш, таъмирлаш, реконструкция қилиш ва тармоқ тортиш ишлари сифатсиз амалга оширилган.
Масалан, Жиззах шаҳридаги «Улуғбек» ва «Калия» МФЙларда ўрнатилган сув минорасининг темир қопламаси сифатсиз материаллардан тайёрлангани, миноранинг остки қисми нисбатан кичиклиги сабабли хавфсизлик меъёрларига мос эмаслиги маълум бўлган.
Наманган вилояти Чуст туманидаги «Гулзор» маҳалласининг янги кўп қаватли уйида оқова сув тизими сифатсиз қурилгани оқибатида ёқимсиз ҳид ва техник муаммолар юзага келмоқда. Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида эса 20 кмлик оқова тармоқлари белгиланган муддатда ва меъёрларга риоя қилинмаган ҳолда қурилгани аниқланган.
Сув бор, лекин ҳар доим ва ҳамма жойда эмас
15 та маҳаллада лойиҳалар бўйича қурилиш-таъмирлаш ишлари якунланган бўлса-да, ичимлик ва оқова суви таъминоти тўлиқ йўлга қўйилмаган ёки сув таъминотида узилишлар мавжуд.
Мисол учун, Жиззах вилояти Арнасой туманидаги «Зарафшон» МФЙда 2024 йилда 1 та сув иншооти қурилиб, 7 та кўп қаватли уйга (жами 70 та хонадон, 500 га яқин аҳолига) ичимлик суви олиб келинган бўлса-да, мазкур маҳаллада ичимлик суви 3 кунда бир маротаба ярим соат берилиши, 7 та икки қаватли уйда сув иккинчи қаватгача чиқмаслиги аниқланган.
Навоий вилояти Нурота туманидаги «Деҳибаланд» МФЙнинг учта кўчасида, Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани «М.Улуғбек», «Нурафшон», «Янги ҳаёт» ва «Лутфикор» МФЙларида ҳам сув куннинг маълум соатларида берилиши маълум бўлган.
«Юксалиш» ҳаракатининг тавсиялари:
- қурилиш нормаларига мувофиқ ҳудудларда муҳандисларни тайёрлаш;
- объектларни қабул қилишда мутахассислар ва жамоатчилик вакилларининг иштирокини таъминлаш;
- очиқ ҳисобот тизимини жорий этиш;
- барча хонадонларни қамраб олиш учун замонавий технологиялар ва дастурий таъминотдан фойдаланиш;
- лойиҳаларни режалаштириш ва амалга оширишда хорижий тажрибани қўллаш.
2024 йилда Натижаларга эришиш офисининг Gazeta`га тақдим этган янги колонкасида сув тармоқлари ўтказилаётган маҳаллалар аҳолисини иш сифатини назорат қилишга жалб этиш пудратчилар масъулиятини ошириш, коррупцияга чек қўйиш, ҳокимият ва жамият ўртасидаги ишончни мустаҳкамлашнинг энг яхши йўл экани айтилганди.