Ўзбекистонда энг қимматига айланган «чиройли» автомобиль рақами бўйича онлайн аукцион якунланди. Бу товар-хомашё биржаси (ЎзРТХБ) маълумотларида келтирилган.

Харидор 10 777 ZZZ давлат рақами учун 1,56 млрд сўм (МБ курси бўйича $122,2 минг) таклиф қилди, бу бошланғич баҳо 187,5 млн сўмдан 8,3 баравар юқори. Савдо 8 кун давом этди.

Битимни якунлаш учун харидор беш иш куни ичида тўловни амалга ошириши ва авторақамни Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматида рўйхатдан ўтказиши керак.

2023 йилда Ўзбекистонда 01 777 RRR давлат рақами 893 млн сўмга, 01 888 BBB давлат рақами эса рекорд даражадаги 965,25 млн сўмга ($75 мингга яқин) .

2023 йилда товар-хомашё биржасида 87 минг дона авторақам 396,1 миллиард сўмга сотилган. Энг қиммат «чиройли» давлат рақами юридик шахсга 450 миллион сўмга сотилган, бу 2021 йилда ўрнатилган рекорддан бироз кўп.

2024 йилда рақам сотиш ҳажми икки баравар кўпайди — 800 миллиард сўмга яқин. Жами 195 мингта комбинация сотилган, уларнинг 97 фоизи жисмоний шахслар томонидан сотиб олинган.

Автомобиллар учун давлат рақам белгиларини оширилган ставка бўйича аукцион орқали беришда тўланадиган тўлов — яъни базавий ҳисоблаш миқдорининг 3,5 баравари (1,31 миллион сўм) — махсус ғазна ҳисобрақамига тушади. Бу маблағлар рақам белгилари тайёрлаш билан боғлиқ харажатларни қоплашга йўналтирилади. Тушумнинг 80 фоизи давлат бюджетига, 20 фоизи эса ИИВ ходимларининг моддий-техник базасини ривожлантириш, ижтимоий рағбатлантириш ва бошқа харажатлар учун махсус жамғармага ажратилади.